Тошкент вилоятининг ҳар бир туманида биттадан “ақлли мактаб” ишга тушади

Тажриба тариқасида ҳар бир туман-шаҳарда биттадан ақлли мактаблар фаолияти йўлга қўйилади
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 апр — Sputnik. Ушбу йил охирига қадар Тошкент вилоятининг ҳар бир туманида биттадан мактаб "ақлли мактаб" лойиҳаси бўйича рақамлаштирилади.
Бундай мактабларда ота-оналар фарзандларининг дарс жараёнларини исталган вақтда IP адрес орқали онлайн кузатиши мумкин бўлади, деб хабар бермоқда Тошкент вилояти ҳокимлиги.
Шунингдек, вилоятдаги 37 та умумтаълим мактабида Инвестиция дастурлари доирасида қурилиш таъмирлаш ишлари олиб борилади. “Мазкур ишлар учун жами 186,7 миллиард сўм маблағ ажратилмоқда. Яъни, қўшимча 6 минг 796 нафар ўқувчи ўрни яратилади”, дейилади хабарда.
“Обод маҳалла" ва "Обод қишлоқ” дастури доирасида 53, 4 миллиард сўм маблағ йўналтирилади ва 17 та мактаб мукаммал таъмирланади. 2022-2025 йилларда спорт зали мавжуд бўлмаган 187 та мактабларда спорт зали қурлари қурилади.
Маълумот ўрнида, Инновацион ривожланиш вазирлиги ташаббуси билан Фарғона шаҳридаги 10 та мактабда сунъий тафаккур имкониятлари асосида ишлайдиган "Ақлли мактаб" дастури жорий этилган. Дастур мактаб, ўқувчи ва ота-она учлигини бирлаштиради ҳамда таълим сифати, самарадорлиги, ўқитувчиларнинг баҳолаш тизимини шаффофлиги ва бошқа кўрсаткичларни таҳлил қилиш имконини яратади.