ТОШКЕНТ, 7 апр — Sputnik. Қашқадарёда 46 йилдан буён ишламай турган "Шимолий Шоди" конидаги 9-сонли қудуқ қайта таъмирланиб, ишга туширилди. Бу хақда “Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати хабар бермоқда.
“Ўзнефтгазқудуқтаъмирлаш” АЖ мутахассислари ушбу қудуқнинг 2530-2568 метр интерваллар оралиғи перфорация қилишган.
Таъкидланишича, қудуқни ўзлаштириш натижасида кунлик 100 минг куб метр саноат миқёсида табиий газ ва 1 тонна газконденсати қазиб чиқарилишига эришилди.
Маълумот учун, "Шимолий Шоди" газ конденсат кони Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида жойлашган бўлиб, қудуқ 1976 йилдан буён консервация қудуқлар мажмуасида бўлган.