Жиззахда футбол академияси ташкил этилади

Академияда ўқиш муддати 7 йил. Унинг умумий контингенти 168 нафар ўқувчидан иборат бўлади
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 апр — Sputnik. 2022/2023-ўқув йилидан Жиззахда футбол академияси ўз фаолиятини бошлайди. Бу бўйича Вазирлар Маҳкамасининг 159-сонли қарори қабул қилинди.
Ушбу академия "Сўғдиёна" ва "Сўғдиёна Вумен" профессионал футбол клублари ҳузурида ташкил этилмоқда.
Академия нодавлат спорт-таълим ташкилоти ҳисобланиб, унда қобилиятли ёш футболчилар танлаб олинади ва футбол бўйича малакали мутахассислар тайёрланади.
Академиянинг асосий вазифалари:
Ёш истиқболли спортчиларни танлаб олиш ва тарбиялаш масалалари бўйича болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, футбол маҳорат мактаблари, ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатлари билан узлуксиз ҳамкорликни амалга ошириш, уларга ўқув-услубий ва меъёрий-ахборот ёрдами кўрсатишни таъминлаш;
-Зарур спорт анжонлари ва ускуналари билан жиҳозланган ўқув-машғулот базаларини яратиш ҳамда футбол бўйича ресупублика ва халқаро мусобақаларда ғолибликни қўлга киритишга қодир бўлган спортчиларни тайёрлашда ушбу базалардан самарали фойдаланиш;
Академия базасида миллий терма жамоалар ва уларнинг захиралари иштирокида ўқув-машқ йиғинлари, республика ва минтақавий спорт беллашувларини ташкил этиш ҳамда мунтазам равишда ўтказиб бориш;
Ўқувчи-футболчилар ва тренерлар таркибининг профессионал маҳоратини ошириш учун Европа футбол жамоалари, футбол мактаблари, академиялари ва клублари билан тажриба алмашиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш;
Ўқув жараёни унга энг яқин масофада жойлашган умумий ўрта таълим муассасаларида амалга оширилади.
Академиянинг умумий контингенти 168 нафар ўқувчидан иборат бўлади. Ҳар йили танлов асосида 24 нафар қобилиятли футболчилар қабул қилинади.
Академияда ўқиш муддати 7 йил. Ўқишни якунланганларга тегишли сертификат берилади. Уларга олимпия ва паралимпия захиралари коллежларида кейинги махсус, касб-ҳунар таълими берилиши таъминланади.
Академия Жиззах шаҳри, “Қипчоқ” маҳалласи Дарёбўйи кўчаси 25- уйда жойлашади.