ТОШКЕНТ, 6 апр — Sputnik. БААнинг Дубай шаҳрида қиличбозлик бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасида жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилган саблячилар Тошкентга қайтиб келишди ва муносиб тақдирланишди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси (МОҚ) матбуот хизмати хабар бермоқда.
Жаҳон чемпионатида Зайнаб Дайибекова бронза, Зуҳриддин Қодиров эса олтин медални қўлга киритди. Қайд этиш жоиз, Зуҳриддин Қодиров бу билан Ўзбекистон мустақиллиги даврида қиличбозлик бўйича жаҳон чемпиони унвонига сазовор бўлган биринчи спортчи бўлди.
МОҚда ўтказилган тадбирда спортни ривожлантириш вазири Адҳам Икромов қиличбозларни бу эришилган юксак натижа билан қутлади.
Шундан сўнг Зуҳриддин Қодировни “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисидаги Ўзбекистон президентининг фармони ўқиб эшиттирилди ва спортчига мукофот топширилди.
Қиличбозлик терма жамоаси мураббийлари Владимир Назлимов 2 минг, Ёрқин Йўлдошев минг, спортчи Зуҳриддин Қодиров 5 минг, Зайнаб Дайибекова эса 3 минг доллар миқдоридаги бир марталик пул мукофотлари билан тақдирланишди.