Европа Украина инқирози туфайли АҚШ тузоғига тушди - Хитой ОАВи

Украина можароси Европани НАТО ва Россия орасида "икки ўт ўртасида қолдирди". ЕИ ушбу икки куч орасида мувозанат топиши ўта оғир бўлмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 апр – Sputnik. Украина инқирози АҚШнинг Европа учун қўйган тузоғидир, агар Европа ўз хавфсизлигини ўз қўлига олмаса, у парчаланишда давом этади ва унинг нуфузи пасаяди, деб ёзмоқда Хитойнинг Global Times нашри.
"НАТОнинг сўнгги 73 йилдаги эволюцияси - бу АҚШнинг Европа қитъасида ўз гегемонлигини сақлаб қолиш учун давлатлар устидан амалга оширган манипуляцияси тарихидир. Дастлаб собиқ Совет Иттифоққи ёзвузлаштирилди ва умумий душман деб эълон қилинди, ҳозир эса Россия. Ушбу қўрқув асосида НАТО Европа хавфсизлик тизимини ташкил қилди ва АҚШ унга бош бўлди. Бунинг оқибатида Европада ички низолар ва қарама-қаршиликлар келиб чиқмоқда", - деб Хитой Халқаро алоқалар институти профессори Ли Хайдуннинг фикрини келтиради нашр.
Украина можароси эса Европа НАТО ва Россия ўртасида "икки ўт орасида қолганини" кўрсатмоқда, ЕИ ушбу икки куч орасида мувозанат топиши ўта оғир бўлмоқда.
Хитой Халқ университети қошидаги Халқаро муносабатлар институти директори Ван Йивейнинг фикрича, Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин НАТО анъанавий душманини йўқотиб, соф ҳарбий блокдан сиёсий хавфсизлик блокига айланишга ҳаракат қилди.
Таҳлилчига кўра, Украинадаги инқироз туфайли Европанинг нуфузи янада пасаяди, бунинг ўзи бир дилемма, агар АҚШ монополиясини синдиришга қодир қудратли давлат топилмаса, Европа аста-секин парчаланиш ва кучсизланишда давом этади.
“Европа мувозанатга эришиш учун унинг стратегик мустақиллиги ва хавфсизлиги Америка назоратидан холи бўлиб европаликлар қўли остига ўтиши керак”, дейди мутахассис.
Европа стратегик мустақилликка эришишга ҳарчанд уринмасин, ҳарбий-сиёсий блокнинг “мия ва мушаклари” АҚШнинг қўлида экан - бу амалга ошмайди. Хитой сиёсатшуносларининг фикрига кўра, Украинадаги вазият, аслида, АҚШнинг Европага қўйган тузоғидир: АҚШ ҳарбий-саноат мажмуаси ўзини бойитиш учун НАТОнинг шарқда кенгайишига ёрдам беради, кейин эса АҚШ Европа хавфсизлигини қўлга киритади ва Россияга зарар етказиш мақсадида инқироз ташкил қилади.