Чилонзордаги “заправка”да токсик моддадан заҳарланиб, ҳушини йўқотган ишчилар қутқарилди

Ишчилар АЁҚШ ҳудуди ер остига кўмилган бензин ёқилғиси сақланаётган цистерналар орасида йиғилиб қолган енгил ёнувчан суюқликнинг кучли концентрациясидан ҳушларини йўқотишган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 апр — Sputnik. Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчасида токсик моддадан заҳарланиб, ҳушини йўқотган ходимлар қутқарилди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, 5 апрель куни соат 19:20 да Тошкент шаҳар ФВБга тумандаги Ал-Хоразмий кўчасида жойлашган АЁҚШда 3 нафар ходим бензин ёқилғиси сақланаётган цистерналар оралиғидан ҳушсиз ҳолда ётганлиги бўйича ташвишли хабар келиб тушган. Қутқарувчилар зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, ҳушсиз ётган ходимларни хавфли ҳудуддан олиб чиқишган.
Биринчи ёрдам кўрсатилгандан кейин, улар Тез тиббий ёрдам хизмати ходимларига топширилган. Айни вақтда токсик моддадан заҳарланган ишчилар Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази токсикология бўлимига жойлаштирилган.
Воқеа сабаби ўрганилганда, улар АЁҚШ ҳудуди ер остига кўмилган 3 дона, ҳар бири катта сиғимли бензин ёқилғиси сақланаётган цистерналар орасида йиғилиб қолган енгил ёнувчан суюқликнинг (бензин) кучли концентрациясидан ҳушларини йўқотганлиги аниқланган.
Қўқонда беш киши номаълум моддадан заҳарланиб вафот этди
Хабарда айтилишича, воқеа жойига Чилонзор туман ФВБ бошлиғи раҳбарлигида 3 та қутқарув экипажлари 15 нафар шахсий таркиби, туман прокуратураси, ИИБ тезкор тергов гуруҳи ва ССБ ходимлари чиқишган.
Мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.