ТОШКЕНТ, 5 апрель — Sputnik. Ўзбекистон ва Россия ҳамкорлигида "Парининг совғаси" номли фильми суратга олинди. Бу ҳақида Кинематография агентлиги хабар бермоқда.
Ушбу фильм Россияда хизмат кўрсатган артист Фарҳод Маҳмудов режиссёрлигида тасвирга олинди. Фарҳод Маҳмудов Sputnik Ўзбекистон мухбирига маълум қилишича, актёрларнинг аксарияти ўзбекистонлик.
“Актёрларимнинг 90 фоизи ўзбеклар. Бундан ташқари, суратга олиш даври кучли локдаун, пандемияга тўғри келди. Хивада суратга олдик. Тошкент ва Хивада меҳмонхоналар учун иш ўринлари яратдик, одамлар оммавий саҳналарда иштирок этишди. Россияда хизмат кўрсатган артист Николай Добрынин ҳам фильмда роль ўйнади. Мен ҳам суратга тушганман”,- деб қўшимча қилди у.
Фильм Ўзбекистон Кинематография агентлиги ва "ВЕГА" (Россия) кинокомпаниясининг қўшма лойиҳаси ҳисобланади. “Парининг совғаси” 6 ёшдан ошган болалар учун мўлжалланган бўлиб, эртак жанрида суратга олинган.
Фарҳод Маҳмудов айтишича, Россия прокатларида, эҳтимол, фильм номи ўзгариши мумкин. Россиялик томошабинлар учун унинг номи “Подарок феи” бўлади. Аммо Парининг совғаси - бу вақтинчалик ном, продюсерлик маркази билан қарор қабул қилинмаган, шунинг учун ўзгариши мумкин.
Фильм устида ишлаш давом этмоқда ва ҳозирча давом этмоқда ва у Россия Маданият вазирлигига баҳор охиригача топширилади. Шундан сўнг картинани прокатчилар ҳам томоша қилишади. Умид қиламанки, филмь сентябрь ойининг бошигача кассада бўлади”,- дейди Фарҳод Маҳмудов
Маълумот ўрнида, Фарҳод Маҳмудов Тошкентда туғилган, мактабни битиргандан сўнг Москвага кетган ва “Бригада”, “Бечора Настя”, “Маргоша”, “Ошхона” ва бошқалар сериаллардаги роллари билан танилган.
Айтиш жоизки, бир неча кун олдин Россия Давлат Думаси маданият қўмитаси раҳбарининг биринчи ўринбосари Елена Драпеко Россия кинотеатрларида ўзбек ва МДҲнинг бошқа давлатларида суратга олинган фильмларини кўрсатиш таклифи билан чиққан эди. “Қозоғистон, Ўзбекистоннинг жуда қизиқарли фильмлари бор, улар кўрсатишга арзирли” деган эди ўшанда Елена Драпеко.