Қозоғистон ғалла ва ун экспортини чеклашни режалаштирмоқда

Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазири мамлакат дон ва ун экспортини чеклаш устида иш олиб бораётганини маълум қилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 апр — Sputnik. Қозоғистон ички бозорни ҳимоя қилиш учун буғдой ва ун экспортига вақтинчалик чекловлар киритиш устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда республика қишлоқ хўжалиги вазири Ербол Карашукеев маълум қилди, дея ёзади РИА Новости.

“Ҳозирда буғдой ва ун экспортига чеклов киритиш масаласи ишлаб чиқилмоқда”, - деди у.

Карашукеевнинг сўзларига кўра, бу чора "маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг тегирмончиларга буғдой сотишни хоҳламаётгани" билан боғлиқ.
“Россия буғдой ва дон экспортини вақтинчалик тақиқлади, вазиятни биламиз, назоратда ушлаб турибмиз. Айни пайтда бизнинг дон балансимиз ижобий ва шундай бўлиб қолади. Ички бозор учун бизда истеъмол учун етарли, экспортга ҳам қолади. Экспортчилар ғаллани ички бозорга сотмоқчи эмас, улар нарх ошишини кутишмоқда, - дея тушунтирди қозоғистонлик вазир.
Шу билан бирга Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазири чекловлар қачондан киритилишини очиқламади.
Аввалроқ Ўзбекистон апрель-июль ойларида Қозоғистондан 100 минг тонна буғдойни (бир қисми ун) мақбул нархларда импорт қилишни режалаштираётгани хабар қилинган эди.