ТОШКЕНТ, 4 апр — Sputnik. Ижтимоий тармоқларда хориждан ўқишни кўчириш бўйича олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Комилжон Каримов имзоси туширилган хат тарқалди. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бу хат ва ундаги маълумотлар ҳеч қандай асосга эга эмаслигини маълум қилди.
Тарқалган хатда гўёки ОТМларда дарс машғулотларининг бошлангани муносабати билан қўшни республикаларда таҳсил олаётган барча талабаларга ёзги кўчириш даврида тест-синовларсиз, тўловларсиз соддалаштирилган тартибда Ўзбекистонда ўқишга рухсат этилгани ёзилган.
“Ҳурматли ижтимоий тармоқ фаоллари! Ҳар хил сохта ахборотларга ишониб қолмасликларингизни яна бир бор сўраб қоламиз ва олий таълим муассасасига ўқишни кўчиришга доир ҳар қандай хабарнинг ҳақиқийлигини аввал вазирликнинг телеграмдаги @eduuz расмий канали орқали текшириб кўришингизни тавсия этамиз”, - дейилган хабарда.
Вазирлик асоссиз ва ёлғон ахборотни тарқатганлик учун қонунчиликда жавобгарлик белгиланганини эслатиб ўтган.