"Бойсун баҳори" фестивали 7-8 май кунлари ўтказилади

Фестивалда маҳаллий ва хорижий давлатларнинг фольклор-этнографик жамоалар ҳам ўз ҳудудларига хос либос ва қадимий куй- қўшиқлар билан иштирок этади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 апр - Sputnik. “Бойсун баҳори” очиқ фольклор фестивали 7-8 май кунлари тоғли Бойсун туманидаги сўлим Паданг қишлоғида бўлиб ўтади. Бу ҳақида Сурхондарё вилояти ҳокимлиги хабар бермоқда.
“Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивали доирасида миллий кураш мусобақаси, этноспорт, веломарофон, улоқ-кўпкари, варрак учириш, арқон тортиш, чиллак ва бошқа халқ ўйинларига ҳам кенг ўрин ажратилган. Фестиваль якунида энг яхши фольклор-этнографик ва энг яхши ўтов-уй ўрнатган жамоалар, спорт ва халқ ўйинлари ғолиблари муносиб тақдирланади.
Фестивалда Ўзбекистондан 200 дан ортиқ фольклор жамоа вакиллари иштироки этиши кутилмоқда. Шунингдек хорижий давлатларнинг фольклор-этнографик жамоалар ҳам ўз ҳудудларига хос либос ва қадимий куй- қўшиқлар билан иштирок этади.
Маълумот учун, Бойсун ҳудудида сақланиб қолган миллий фольклор намуналари – ЮНЕСКОнинг “Инсониятнинг оғзаки ва номоддий маданий мероси” репрезентатив рўйхатига киритилган.
Эслатиб ўтамиз, ушбу фестиваль Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 7 февралдаги “Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарорига мувофиқ, Маданият вазирлиги ва яна бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилмоқда.