ТОШКЕНТ, 3 апр — Sputnik. Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Фатво ҳайъати милодий 2022 (ҳижрий 1443) йилги закот нисоби, фитр садақа ва фидя миқдорини эълон қилди.
2022 йил учун закот нисоби, фитр садақа ва фидя миқдори
© Фото: fatvo.uz
Унга кўра, бу йилги закот нисоби 34 000 000 (ўттиз тўрт миллион) сўм деб белгиланди. 34 миллион сўм ва ундан ортиқ эга бўлган киши, жами маблағининг қирқдан бири (1/40)ни ҳисоблаб, закот ниятида беради.
Фитр садақаси миқдори эса қуйидагича:
буғдойдан 2 кг — 10 000 (ўн минг) сўм;
арпадан 4 кг — 16 000 (ўн олти минг) сўм;
майиздан 2 кг — 100 000 (юз минг) сўм;
хурмодан 4 кг — 160 000 (бир юз олтмиш минг) сўм деб белгиланди.
Ҳар ким ўз имкониятига қараб, ушбу тўрт маҳсулотнинг хоҳлаган бир туридан фитр садақасини берса кифоя қилади.
Фидя миқдори — бир мискиннинг бир кунлик озиқ-овқати қийматида ҳисобланади. Бугунги кунда бу ўртача 25 минг сўмга тўғри келмоқда.
Таъкидланишича, мазкур қийматлар Тошкент шаҳар бозорларидаги нархга асосан белгиланган. Ҳар бир вилоят ўз бозорларидаги нархга қараб фитр садақасини белгилайди.