ТОШКЕНТ, 3 апр — Sputnik. БААда ўтаётган қиличбозлик бўйича ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг иккинчи куни спортимиз учун тарихий санага айланди.
Унда ўзбекистонлик саблячи Зуҳриддин Қодиров ғалаба қозониб, Ўзбекистон тарихида жаҳон чемпионлигини қўлга киритган илк қиличбоз бўлди.
Ўсмирлар тоифасида сабля қуролида баҳс олиб борган Зуҳриддин Қодиров Канада, Миср, Венгрия, АҚШ ва финалда Германия вакиллари устидан ғалаба қозонган ва жаҳон чемпионлигини қўлга киритди.
“Таъкидлаш керак, бу мустақил Ўзбекистон тарихига Олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олган қиличбозлик йўналиши бўйича жаҳон чемпионатларидаги биринчи олтин медаль сифатида тарихга кирди”, - дейилган Спортни ривожлантириш вазирлиги хабарида.
Кеча қизлар ўртасида сабля дастурида баҳс олиб Зайнаб Дайибекова бронза медалини қўлга киритган эди.