Оксана Чусовитина Бокуда Жаҳон кубогини қўлга киритди

Оксана Чусовитина таяниб сакраш йўналишида Жаҳон кубоги соҳибасига айланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 апр — Sputnik. Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича жаҳон кубоги босқичи бўлиб ўтмоқда. Унда иштирок этаётган Оксана Чусовитина шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. Бу ҳақда Спортни ривожлантириш вазирлиги хабар бермоқда.
Яқинда 47 ёшга қадам қўядиган ўзбекистонлик гимнастикачи таяниб сакраш машқи бўйича ўтказилган финал баҳсларида 13,266 балл билан биринчи ўринни эгаллаган. Кейинги ўринларни мос равишда Венгрия вакиласи Мария Ксенже Бакскай ҳамда словениялик Теша Белак қўлга киритган.
Жами тўрт босқичдан иборат бўлган ушбу мусобақанинг учта босқичида қатнашиб, иккита олтин ва битта кумуш медалга сазовор бўлган Оксана Чусовитина таяниб сакраш йўналишида Жаҳон кубоги соҳибасига айланди.
Эслатиб ўтамиз, Оксана Чусовитина Мисрдаги Жаҳон кубоги босқичида кумуш, Қатардаги босқичда эса олтин медални қўлга киритган эди.