ТОШКЕНТ, 3 апр — Sputnik. Афсонавий ўзбекистонлик гимнастикачи Оксана Чусовитина куни кеча Бокуда спорт гимнастикаси бўйича Жаҳон кубогида олтин медални қўлга киритди.
Спортчи Sputnik нашрига берган интревьюсида мусобақалар қандай ўтганини сўзлаб берди.
“Бу ерда рақиблар кўпроқ эди, соғлом кураш бўлди. Шунинг учун қатнашиш жуда қизиқарли бўлди. Албатта, ҳар бир спортчи мусобақага келаётиб, шоҳсупага кўтарилишни истайди, шу боис мен яхши сакрашим керак эди”, - дейди Чусовитина.
Эркаклар ва аёллар спорт гимнастикаси бўйича FIG Жаҳон кубоги 31 мартдан 3 апрелгача Озарбайжон пойтахтида бўлиб ўтмоқда. Мусобақаларда дунёнинг 34 та мамлакатидан 145 нафар гимнастикачилар ўзаро куч синашишмоқда.
Чусовитина уни мусобақа давомида қўллаб-қувватлаган ва унинг муваффақиятига ишонган барчага, жумладан, мухлислари ва яқинларига миннатдорчилик билдирди.
“Бу нафақат менинг ғалабам. Бу қисман мухлисларимнинг ҳам ғалабаси. Бу ғалабамни менга ишонган ва мени қўллаб-қувватлаган мухлисларимга бағишлайман, чунки улар менга куч бағишлашади ва иштирок этиш учун ғайратимни оширишади”, - деди спортчи.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил августида Токиодаги Олимпия ўйинлари вақтида Оксана Чусовитина спортдаги фаолиятини якунлаганини маълум қилган эди, бироқ бироз вақт ўтиб катта спортга қайтишга қарор қилди. У буни “фаолиятини Ўзбекистон учун медалсиз якунлай олмаслиги” билан изоҳлаган эди.
“Биринчи мусобақаларда жуда ҳаёжонли эди, айнан қайтиш. Лекин буни уддасидан чиқдим, ва мен ўзимга янада кўпроқ ишона бошладим”, - дейди гимнастикачи.