ТОШКЕНТ, 3 апр — Sputnik. 2022 йил 1 апрелдан Ўзбекистон қонунчилигида қатор ўзгаришлар рўй берди.Адлия вазирлиги улар ҳақида маълумот тайёрлади.
Кексаларга ғамхўрлик
1 апрелдан:
ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ёлғиз яшайдиган кексалар ҳар йили бир маротаба санаторийларда бепул соғломлаштирилади;
шароити оғир ва кам таъминланган кексаларга рецептга асосан 3 ойлик эҳтиёж асосида дорилар, тиббий ва махсус протез-ортопедия мосламалари олиб берилади ҳамда жарроҳлик амалиётларининг харажатлари қопланади;
оғир ташхисли касал ҳамда ногирон кексаларга шифокорлар рецептларига мувофиқ, 3 ойлик эҳтиёждан келиб чиқиб дори воситаларининг 50 фоизигача суммаси компенсация қилинади;
кексаларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун абонемент харажатлари қопланади;
давлат театрлари ва музейларига кексалар учун чипта нархлари тўлиқ қоплаб берилади.
Тадбиркор хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш
Тадбиркорликни янги бошлаётган хотин-қизларга ажратилаётган субсидия миқдори 7 миллион сўмдан 10 миллион сўмга оширилади.
“Ҳунарманд” уюшмаси қошидаги ҳунармандчилик марказларида камида 40 фоиз тадбиркор хотин-қизлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар жойлаштирилади.
2022 йилда субсидияларнинг камида 40 фоизи хотин-қизларга йўналтирилади
Ижарада турган “Аёллар дафтари”га киритилган эҳтиёжманд хотин-қизларга ижара тўловининг 50 фоизи, кўпи билан 500 минг сўмгача компенсация берилади.
Боқувчисини йўқотган аёлларнинг фарзандлари боғча пулидан озод қилинади
Боқувчисини йўқотган хотин-қизларнинг:
фарзандлари давлат боғчаларига тўланадиган ота-оналар бадалидан озод қилинади;
3 ёшгача фарзандлари учун нодавлат боғчаларга бюджетдан субсидиялар ажратилади.
тўлиқ қувват билан ишламаётган давлат боғчаларига 2 ёшдан 3 ёшгача болаларни пуллик хизмат кўрсатиш шаклида қабул қилишга рухсат берилади;
кечки сменада хотин-қизлар ишлайдиган корхона ва ташкилотлар ўз ҳузурида боғча ташкил қилганда, улардаги тарбиячиларнинг иш ҳақи бюджетдан қоплаб берилади.
Автомобиль сотиб олиш автоматлаштирилади
“UzAuto Motors” автомототранспортни харид қилиш бўйича шартнома тузган шахсга автоматик равишда расмийлаштириладиган ҳисоб-маълумотни Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Йўл ҳаракати хизматига фақат электрон шаклда тақдим этади.
Ногиронлик нафақаси ҳамда ногиронлик пенсиясининг миқдори оширилади
Меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган ногиронлик нафақаси ҳамда иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги ногиронлик пенсиясининг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда – 440 000 сўмдан 622 000 сўмгача оширилади.
Ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парвариши билан банд бўлган боланинг қонуний вакилига ҳар ойда 500 минг сўм парваришлаш нафақаси тўланади.
Айрим ҳудудлардаги мактабларда бепул овқат берилади
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 1-4-синф ўқувчилари бепул овқат (нонушта ёки тушлик) билан таъминланади.
Молиявий назоратга оид қоидабузарликлар ҳақида хабар берган шахсларга мукофот тўланади
Давлат молиявий назорати соҳасида қоидабузарликлар ҳолатлари тўғрисида Давлат молиявий назорати инспекциясига “Давлат аудити” дастурий комплекси орқали хабар берган жисмоний шахсларга, ушбу маълумот асосида молиявий текширувлар жараёнида аниқланиб, давлат фойдасига ундирилган маблағлар ҳисобидан мукофот тўланади.
Айрим шахсларнинг акциялардан олган дивидендлари даромад солиғидан озод қилинади
2024 йил 31 декабргача:
Ўзбекистон резиденти ва норезиденти бўлган жисмоний шахсларнинг акциялардан олган дивидендлари даромад солиғидан озод қилинади;
норезидент юридик шахсларнинг акциялар бўйича дивидендлари учун фойда солиғининг 5 фоиз ставкаси татбиқ этилади;
резидент ва норезидент жисмоний ва юридик шахсларнинг хўжалик жамиятлари облигациялари бўйича даромадлари даромад солиғи ва фойда солиғидан озод қилинади.