ТОШКЕНТ, 1 апрель — Sputnik. Ўзбекистонда оммавий спортни ривожлантиришга жиддий эътибор берилади. Бу ҳақида президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
“Тараққиёт стратегиямизда жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланадиган аҳоли сонини кейинги беш йилда 33 фоизга етказиш мақсади белгиланган”, - дейилади хабарда.
Спортни ривожлантириш вазирлигига маҳаллалардаги ёшлар етакчилари билан бирга йил давомида 6 миллион нафар ўғил-қизларни оммавий спорт тадбирларига қамраб олиш вазифаси қўйилди.
Бунинг учун 10 апрелдан бошлаб, маҳалла, туман, вилоят ва республика босқичларидан иборат оммавий спорт тадбирлари ўтказилади. Уларни ташкил этиш учун “Ёшлар дафтари” жамғармасидан ҳар бир вилоятга 100 миллион сўмгача, ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш учун 1 миллиард сўмгача маблағ ажратилади. Энг яхши натижа кўрсатган ёшлар туман ва шаҳар, вилоят ҳамда миллий терма жамоалар таркибига саралаб олинади.
Маҳаллаларда спорт инфратузилмасини яхшилаш, лойиҳалар қийматини мақбуллаштириб, майдончалар ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Олимпия ва паралимпия ўйинлари, халқаро мусобақалар ғолиблари билан маҳалла ёшлари ўртасида мотивацион учрашувлар ўтказиш муҳимлиги айтилди.
Шуларни инобатга олган ҳолда, оммавий спортни янада ривожлантириш, шу йил Ханчжоуда ўтадиган Осиё ўйинларига пухта тайёргарлик кўриш, спорт мураббийлари тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича қарорлар ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда сўнгги уч йилда 118 та спорт мажмуаси, маҳаллаларда 7 мингта спорт майдончаси фойдаланишга топширилди. Бугунги кунда 3 минг 500 та мини-футбол, 6 мингта баскетбол, волейбол, 663 та бадминтон майдонлари, мингдан ортиқ фитнес заллари мавжуд. Ҳар бир туман ва шаҳар марказларида “Саломатлик йўлаклари” ва велосипед йўллари ташкил этилди.