Аёлларга 5 млн сўмгача кредитлар нақд берилиши мумкин - қарор

“Аёллар дафтари”га оид илгариги вақтинчалик тартиб бекор қилинди. Ҳукуматнинг 145-сонли қарори билан янги низом тасдиқланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 апр — Sputnik. “Аёллар дафтари”га киритилганларга 5 млн сўмгача кредитлар нақд берилиши мумкин. Бу ҳақда "Ҳуқуқий ахборот" Telegram канали хабар бермоқда.
Ҳукуматнинг 145-сонлиқарори билан “Аёллар дафтари”ни юритиш орқали хотин-қизлар муаммоларини тизимли равишда ҳал этиш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Низомга мувофиқ, “Аёллар дафтари”га 30 ёшдан ошган хотин-қизлар киритилади:
ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар;
тадбиркорлик қилиш истагида бўлган эҳтиёжманд хотин-қизлар;
боқувчиси бўлмаган эҳтиёжманд хотин-қизлар;
ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, тезкор тиббий муолажага муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар;
уй-жойга муҳтож хотин-қизлар;
қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзандлари бор эҳтиёжманд хотин-қизлар.
Низомда тадбиркорликни йўлга қўйиш учун хотин-қизларга 33 млн сўмгача 14 фоизлик кредитлар берилиши ҳам белгилаб қўйилди.
оилавий тадбиркорлик учун – 3 ойдан 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилгача;
чорвачилик, балиқчилик, паррандачилик учун – 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йилгача;
боғдорчилик, узумчилик ва лимончилик учун – 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача ажратилади.
Айтилишича, мазкур низом тасдиқланиши муносабати билан “Аёллар дафтари”га оид илгариги вақтинчалик тартиб бекор қилинди.
Маълумот ўрнида бугунги кунга қадар 30 ёшдан ошган 883 751 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га киритилган. Январь ойида республикадаги барча маҳаллаларда яшовчи 30 ёшдан ошган хотин-қизларни хонадонма-хонадон юриш орқали қайта рўйхатдан ўтказиш ишлари олиб борилган.