ТОШКЕНТ, 30 март — Sputnik. Туркия президенти ва унинг рафиқасининг Ўзбекистонга расмий ташрифи чоғида Зироат Мирзиёева Эмине Эрдўған билан учрашди. Бу ҳақда Саида Мирзиёева ўзининг телеграмдаги расмий саҳифасида маълум қилди.
“Кеча мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Туркия Президентининг рафиқаси Эмине Эрдўғон билан учрашдик. Эмине хонимни ўзбек миллий анъаналари, тарихий қадамжолари, ҳунармандчилик намуналари, миллий таомларимиз билан таништирдик”, дейди Саида Мирзиёева.
Ташриф доирасида хонимлар Тошкентдаги Давлат амалий санъат музейига ташриф буюришди. У ерда XIX асрнинг биринчи ярмидан то ҳозирги кунларимизгача бўлган даврни қамраб олган қўли гул усталар томонидан яратилган бебаҳо амалий санъат дурдоналари билан танишишди.
Шунингдек, меҳмон музей ҳовлисида сумалак пишириш жараёнида ҳам иштирок этди.