ТОШКЕНТ, 30 мар - Sputnik. Давлат Хавфсизлик хизмати ходимлари Сирдарё вилояти Боёвут туманида ноқонуний ишлаётган майнинг ферма фаолиятига чек қўйди.
Маълум бўлишича, Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган хорижий корхона Сирдарёда бинони ижарага олиб унинг ичига 1491 комплект майнинг қурилмалари ҳамда 9280 дона видеокарта жойлаштирган. Корхона 2020 йилнинг август ойидан буён 7,7 млн. АҚШ долларига тенг криптовалюта ишлагани аниқланган.
Шунингдек, бино эгаси бўлган МЧЖ ва хорижий корхона ўзаро тил бириктириб маҳаллий электр тармоғига уланишда ўз фаолиятини "қуёнчилик фермаси" деб атаб, электрни имтиёзли нархларда сотиб олган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон қонунчилигида криптовалюта ишлаб чиқариш фаолияти - лицензияланиши белгиланган. Шунингдек майнерлар учун электр энергияси сотиб олишда алоҳида нархлар белгиланган. Ушбу қонун нормаларининг бузилиши - ноқонуний фаолият билан шуғулланганларни жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Сирдарё вилоятида 2021 август ойида ҳам яна бир майнинг ферма ноқонуний ишлагани аниқланган эди. Ўшанда давлатга электр энергияси учун 265 млн. сўмга яқин зарар етказилгани аниқланган эди.