ТОШКЕНТ, 30 мар — Sputnik. Ўтган ҳафта давомида COVID-19 билан касалланиш ҳолатларнинг умумий сони камайди, шу билан бирга касалликдан вафот этганлар сони ошди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) хабар бермоқда.
Ташкилот маълумотларига кўра, 21 мартдан 27 мартга бўлган даврда янги касалланиш олдинги ҳафтага қараганда 14 фоизга камайган. Аммо худди шу вақт оралиғида ковиддан ўлим ҳолати 43 фоизга кўпайган.
Қайд этилишича, бу Чили, АҚШ, Ҳиндистон ва Жануби-Шарқий Осиё минтақаси давлатларида ўлим кўрсаткичларини аниқлаш ва қайд этиш мезонларига ўзгартириш киритилгани билан боғлиқ бўлиши ҳам мумкин.
21-27 март кунлари бутун дунё бўйлаб 10 миллиондан ортиқ одамда коронавирус аниқланди, 45 мингдан ортиқ бемор вафот этган.
Сўнгги маълмотларга дунё бўйлаб коронавирус юқтириб олганлар сони 485 миллиондан ошган, шулардан 6,1 миллиондан зиёди вафот этган. АҚШ (978 648 киши), Бразилия (659 508) ва Ҳиндистон (521 070) ковиддан ўлим ҳолатлари бўйичи етакчи.
Ўзбекистонда сўнгги кунларда коронавирус билан боғлиқ вазият барқарорлашган. Март ойи бошидан буён ўлим кузатилмаяпти. Қурбонлар сони 1 637 нафарлигича қолмоқда.