Давлат қийноққа солинганларга зарарни тўлаб беради

Қийноқдан жабрланганларга етказилган зарарлар билан бирга, бой берилган фойда ва сарфланган харажатлар ҳам тўлаб берилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 30 мар — Sputnik. Ўзбекистонда терговда қийноққа солинган шахсларга зарарни давлат тўлаб бериши белгиланди. Президент 29 март куни имзолаган қонун билан Фуқаролик кодексига қўшимча киритилди.
Киритилган қўшимчага кўра, терговга қадар текширув, суриштирув, дастлабки тергов, прокуратура органлари ва суд томонидан шахсга нисбатан ҳар қандай қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш натижасида етказилган зарар давлат томонидан тўла ҳажмда қоплаб берилади.
Сенатнинг 24-ялпи мажлисида қийноққа солишдан жабрланганларга товон пули тўлаш тизимини жорий этиш кўзда тутилган қонун маъқулланган эди.
Қийноққа солишдан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилиши ҳамда уларга етказилган зарарнинг компенсация қилинишини таъминлаш, бунда қийноқдан жабрланган шахсларга етказилган жисмоний ва руҳий зарар, моддий зарар ёки бой берилган фойда, маънавий зарар, юридик ёрдам, дори воситалари ва тиббий хизмат, психологик ва ижтимоий хизматлар учун қилинган харажатлар тўлаб берилиши таъкидланган эди.
Шунингдек, Ўзбекистон БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясини 1995 йилда ратификация қилгани, мазкур қонун билан инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида, шу жумладан, қийноқларга йўл қўймаслик учун зарур ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга доир халқаро мажбуриятларини бажариш йўлида тизимли, изчил ва босқичма-босқич чора-тадбирларни давомий амалга ошириб келинаётганлиги маълум қилинган
Ўтган йили декабрда депутатлар қийноқлардан жабрланганларга товон пули тўлашни назарда тутувчи Фуқаролик кодексига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллаган эди.