Россия билан нефть-газ ўйинлари оқибатида Европа боши берк кўчага кириб қолди

"Катта еттилик" давлатлари газ учун рублда тўламасликка келишиб олишганидан сўнг Кремль ҳам газни текинга етказиб бермаслигини эълон қилди. Россия президенти 31 мартга қадар газ учун тўловларни рублга ўтказишни топширди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 мар - Sputnik. Европа Иттифоқи Россия энергия ресурслари импортини тақиқлашни назарда тутувчи бешинчи санкциялар пакетини тайёрламоқда. Германия газни босқичма-босқич тўхтатиш ҳақида аллачон ўйлаган, бироқ ҳали ўрнини босувчи манбаани топгани йўқ. Буюк Британия нефть маҳсулотларисиз амаллаб кўрмоқчи, бунинг учун эса жиддий иқтисодий шок билан товон тўлашига ҳам тўғри келади. Европа саноатига хавф солмасдан қандай қилиб муаммони бартараф этиш йўлларини эса топишмади. Москва эса бу вақтда уларга янги жумбоқ ташлади.

Амбицияли режалар

Агар “Киевни оммавий бомбардимон қилиш” бошланса, Россиядан энергия ресурсларига эмбарго эълон қилинади, деб ёзади Reuters юқори мартабали европалик дипломатга таяниб. Гарчи ўша манба санкциялар Москванинг Украинага нисбатан сиёсатини ўзгартира олмаслигини тан олган бўлса ҳам.
Германиянинг энг йирик энергоконцерни Е.ОN Россия компанияларидан газ сотиб олишни тўхтатди. Норвегиядан етказиб келишга умид қилишганди. Бу немисларнинг зангори оловга бўлган эҳтиёжининг учдан бир қисмини қоплайди. Бироқ, Бош вазир Йонас Гар Стёренинг сўзларига кўра, эҳтиёжни тўлдириш учун Ослонинг етарли захираси йўқ.
Германияга табиий газ асосан Gassco қувурлари орқали киради: мамлакат шимолидаги Эмденга. Улар деярли тўлиқ юкланган. Кўпроқ ташиш учун қувватни ошириш керак - бу узоқ давом этадиган ва қиммат жараён.
Қатар билан суюлтирилган газ (СТГ) бўйича музокаралар олиб боришга ҳаракат қилиб кўришди. Бундан ҳам ҳеч қандай натижа чиқмади. У ердан экспорт биринчи навбатда Хитойга боради чунки хитойликлар кўпроқ тўлашади.
Қандай қилиб уйларни иситиш ва энергия инқирозининг мураккаб шароитида саноатни қандай таъминлаш мумкин деган асосий савол ҳамон ўз ечимини топмади.
Канцлер Олаф Шольц Европанинг Россия энергияларига қарамлигини бир кечада тўхтата олмаслигини тан олди. Бу юз минглаб иш ўринлари хавф остида қолади ва бутун саноат омон қолиш ёқасида дегани. Санкциялар Москвадан кўра Европа Иттифоқига қаттиқроқ таъсир қилмаслиги керак.

Иқтисодий шок

Буюк Британиянинг бизнес, энергетика ва саноат вазири Квази Квартенг ваъда қилганидек, мамлакат йил охиригача Россия импортини тўхтатади. Гарчи британиялик The Telegraph гранулаланган ёғоч ёқилғисини сотиб олиш бўйича чекловлар вазиятни жуда қийинлаштирганини аллақачон таъкидлаб ўтган.
Сўнгги йилларда минглаб хонадонлар ва корхоналар шундай иситиш тизимига ўтган, бунга давлатнинг фаол кўмаги ёрдам берган эди. Россия эса торф ва қишлоқ хўжалиги чиқиндиларидан олинадиган биоёқилғининг энг йирик етказиб берувчиси эди. Энди инглизлар муқобил йўл изламоқда. Нархлар 25-40%га ошиб, бир тонна учун деярли 400 фунт стерлингни ташкил қилмоқда. Ва бу ҳаммаси эмас.
Газ билан вазият бундан ҳам баттар: нархи беш баробарга ошди. Апрел ойида иссиқлик ва электр энергияси учун тўловлар камида 50 %га ошиши кутилмоқда.

Фақат муаммолар

Зангори олов котировкалари нархи ҳозирда минг кубометр учун 1,2 минг долларга яқинлашди, март ойи бошида рекорд даражадаги тўрт мингга етди. Энг йирик инвесбанклар ва товар таҳлилчиларининг фикрига кўра, Россия нефтидан воз кечиш қора олтин учун - бир баррель 300 долларгача бўлган ўта юқори нархларни ваъда қилмоқда.
Агар Жо Байден Европани Москва билан муносабатларни батамом узишга кўндирса, ҳақиқий инқироз бошланиши мумкин. “Бозорлар мувозанатлашган, ортиқча ресурслар йўқ, ҳар қандай воз кечиш ёки камайтириш нархларнинг ошишига олиб келади – бир баррел учун 300 доллар, ҳам 500 доллар ҳам бўлишига олиб келади”, — дейди энергетика вазири Александр Новак.
2021 йилда Европа Иттифоқи Россиядан деярли 100 миллиард еврога энергия ресурсларини импорт қилди. Яримдан кўпи хом нефтдан, қолган қисми нефт маҳсулотлари, табиий газ ва кўмирдан. Асосий истеъмолчилар - Нидерландия, Германия, Франция ва Польша.
АҚШ ҳамон нима қилишни билмаётир. Ҳатто Венесуэлага ҳам мурожаат қилинди. Бироқ савдолашишнинг иложи бўлмади - Николас Мадуро Вашингтон томонидан “шубҳасиз, бажариб бўлмас” дея аталган шартларни қўйди: расмийларга қарши барча санкцияларни бекор қилиш ва PDVSA давлат компанияси устидан тўлиқ назорат қилиш каби.
Байден сиёсатини деб оддий америкаликлар азият чекмоқда. Ёқилғи қуйиш шохобчаларида бензин нархи рекорд суммагача ошди.

Узоққа етмайди

Россияга қарши нефть ва газ жазаваси ҳовуридан тушишни бошлаши мумкин. JP Morgan нинг фикрича, Россия энергия ресурсларидан “экстремал тарзда воз кечиш” узоқ давом этмайди. Апрел ойида суткалик тақчиллик уч ярим миллион баррелдан икки баррелга, май ойида ва ундан кейин эса бир баррелга камаяди. “Нормал” сценарийга кўра, иккинчи чоракда бир баррель Brent ўртача 114 доллар, йил охирига келиб 101 долларни ташкил қилади.
Эмбарго ҳақида фикр юритиб, Ғарб Москванинг газни Россия валютасида тўлаш бўйича янги талабини ҳал қилишга ҳаракат қилмоқда. Бу Брюсселни ҳайратда қолдирди. Der Spiegel ёзганидек, довдираб қолган харидорлар шунча рублни қаердан олишини билмай қолди. Душанба куни Германия энергетика вазири Петер Альтмайер G7 давлатлари бу шартни бажармоқчи эмаслигини маълум қилди.
Москва ҳам ёқилғини текинга бериш ниятида эмас. “Бундай вазиятда умумевропа хайрия ишлари билан шуғулланишмиз деярли мумкин эмас ва мақсадга мувофиқ эмас”, деди Кремль.
Айни пайтда Россия санкцияга қарши яна бир зарба берди. Ғарбнинг валюта захираларини музлатиб қўйишига жавобан Марказий Банк дўстона бўлмаган мамлакатларга маблағлар ҳаракатини чеклади. Энди хорижликлар қимматли қоғозларни сота олмайди ва чет элга пул ўтказа олмайди.