ТОШКЕНТ, 29 мар - Sputnik. “Дояхотин” конида кунига 238 минг куб метр табиий газ ва 3 тонна газ конденсати олинадиган янги қудуқ очилди, деб хабар қилмоқда "Ўзбекнефтгаз".
“Қудуқни ўзлаштириш ишларидан сўнг, кунлик 238 минг куб метр саноат миқёсидаги табиий газ ва 3 тонна газ конденсати қазиб чиқарилишига эришилди”, - дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, февраль ойида “Дояхотин” газ конденсат конидаги 95-сонли қудуқда бурғилаш ишлари тугатилиб, 1954–1951 метр оралиқда перфорация ишлари олиб борилган эди. Ўшанда кунлик 100 минг куб метр саноат миқёсидаги табиий газ ва 1 тонна газ конденсати қазиб чиқарилишига эришилган.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ конларда табиий газ қазиб чиқаришни кўпайтириш, углеводородлар захирасини ошириш мақсадида бир қатор ишларни амалга оширди. Жумладан, қудуқларда капитал таъмирлаш ишларини бажариш баробарида, янги қудуқлар бурғиланиб, тугатилган қудуқлар мажмуасида турганлари эса қайта таъмирланиб ишга қўшилмоқда.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Дояхотин” газ конденсат конидаги 104-сонли қудуқда бурғилаш ишларини тугатди. Хабарда айтилишича, 1987–1985, 1980–1977, 1951–1947 метр оралиқларида перфорация ишлари олиб борилди.