Абдулазиз Камилов хорижда даволанмоқда – ТИВ

Вазир сўнгги ўн кун давомида сурункали касалликлари туфайли Тошкентдаги шифохонада тиббий муолажалар олган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 мар — Sputnik. Ўзбекистон ташқи ишлар вазири хорижда даволанмоқда. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Камилов сўнгги ўн кун давомида сурункали касалликлари туфайли Тиббиёт бош бошқармасининг 1-сон Марказий клиник шифохонасида тиббий муолажалар олган.
Шифокорларнинг хулосасига кўра, вазирнинг саломатлигини янада чуқуррок текширувдан ўтказиш зарурати юзага келган. Шу боис айни кунларда Камилов ихтисослашган тиббий кўрикдан ўтиш ва тегишли муолажаларни олиш мақсадида хорижда даволанишни давом эттирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Абдулазиз Камилов 17 март куни Сенатнинг 24-ялпи мажлисида иштирок этган эди. ТИВ хабарига кўра, 18 март куни Жанубий Кореянинг мамлакатдаги янги элчиси Ким Хи Сангни қабул қилган.