ТОШКЕНТ, 28 мар — Sputnik. Третьяков галереяси Нукусдаги И.В. Савицкий номидаги Давлат санъат музейи коллекциясини рақамлаштиради. Бу ҳақда Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси хабар бермоқда.
22-24 март кунлари Третьяков галереяси экспертлар гуруҳи жамғарма билан ҳамкорликда Савицкий музейида илмий-тадқиқот ишларини олиб борган.
“Тадқиқот Санъат музейининг авангард коллекциясини ўрганишга, уни рақамлаштиришга тайёргарлик кўриш, шунингдек, бўлажак қўшма кўргазмаларни ташкил этишга қаратилган”, - дейилган хабарда.
Ушбу тадқиқотлар Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ва Третьяков галереяси ўртасидаги расмий келишув доирасида олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Дубайда бўлиб ўтган ЭКСПО 2020 кўргазмаси доирасида Ўзбекистон Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамда Россиянинг Третьяков галереяси ўртасида И.В. Савицкий музейи коллекциясини ўрганиш тўғрисидаги шартнома имзоланган эди.