ТОШКЕНТ, 28 мар — Sputnik. Сурхондарё вилояти Музработ туманида тадбиркор банкнинг 220 минг доллар кредитини ўзлаштириб юборгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.
Аниқланишича, “T.Y.E.” МЧЖ собиқ раҳбари И.С. “Алоқабанк” вилоят филиалидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишда айланма маблағини тўлдириш учун 220 минг доллар кредит олган. Кейин бу пулларни шахсий эҳтиёжига ишлатиб юбориб, талон-торож қилган.
Шунингдек, текширув давомида тадбиркор банк филиали масъул шахслари билан тил бириктириб, асл баҳоси 737,8 млн сўм бўлган бино нархини сунъий равишда оширгани ва уни 2,5 млрд сўмга гаров таъминоти сифатида қўйгани ҳам аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.