ТОШКЕНТ, 28 мар — Sputnik. Ўзбекистонда Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти ташкил этилди. Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори қабул қилинди.
Қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва водород энергетикасини ривожлантириш, ушбу соҳаларда фундаментал ва амалий тадқиқотларни ўтказиш ҳамда инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш институтнинг асосий вазифалари бири этиб белгиланган.
Институт қайта тикланувчи энергия манбалари ва водороддан олинган энергияни электр ҳамда иссиқлик энергиясига айлантириш ҳисобига улардан иқтисодиётнинг юқори технологик соҳалари ва тармоқларида самарали фойдаланиш усулларини ўрганади ва жорий этади.
Маҳаллий ва хорижий олий таълим ташкилотлари билан биргаликда илмий изланишдан ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларни ўзаро боғловчи яхлит тизимни шакллантириш ва юқори малакали илмий кадрларни тайёрлаш ҳам институтнинг асосий вазифалари бири.
Институт юридик шахс ҳисобланган давлат илмий ташкилоти бўлиб, Фанлар академиясининг “Халқаро қуёш энергияси институти” МЧЖнинг шартномалари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
Институт ходимларига Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади.