ТОШКЕНТ, 28 мар — Sputnik. Дмитрий Ермаков, Дарья Зеленская. Криптовалюта операциялари доллар тизимига боғлиқ эмас ва банклар блокчейн технологиясини кузатиб бора олмайди. Эрон биткоинни қонунийлаштириш туфайли импорт товарларини муваффақиятли сотиб олиб, қирқ йилдан буён санкциялар остида яшаб келмоқда. Криптовалюта ишлаб чиқариш бўйича иккинчи ўринда Қозоғистон туради. Бироқ, Россияда бу соҳа тартибга солинмаганва рақамли рубль ҳамон синов босқичида. РИА Новости мазкур пул шаклининг истиқболларини таҳлил қилиб кўрди.
Доллар билан алоқасиз
Ғарб таҳлилчиларининг фикрича, текширув ва блокировкалардан қочиш учун рус ташкилотлари рақамли активлардан фойдаланиши мумкин. Шу билан бирга, тадқиқот муаллифлари - масалан, The New York Times - ҳам рақамли рублни криптовалюта деб атамоқда. Вашингтонда жойлашган Ferrari & Associates фирмаси адвокати Майкл Паркернинг айтишича: “Россия бу сценарийни олдиндан кўра олмаган деб ўйлаб бўлмайди”.
Чекловлар самарали бўлиши учун давлат томонидан назорат қилинадиган молиявий тизим зарур. Бу ерда кредит ташкилотлари энг муҳим роль ўйнайди: улар маблағлар қаердан келиши ва қаерга кетишини кўриб туради. Жиноий даромадларга қарши қонунлар банклардан санкцияга тушган ташкилотлар билан транзакцияларни блоклаш ва бунга уринишлар тўғрисида ҳукуматга хабар беришни талаб қилади.
Аммо криптовалюталар, агар молиявий тузилмаларни четлаб ўтмаса, улар билан параллель равишда ишлайди. Россия ҳозир доллар тизими билан алоқа қилмасдан савдо қилиш йўлларини топиши керак. Криптовалютада савдолашиш бундай имкониятни беради. Гарчи транзакциялар блокчейнда қайд этилсада, (бу уларни шаффоф қилади), рақамли технологиялар занжирнинг бир қисмини яшириши мумкин. Бу Ғарбдаги юридик шахсларига россиялик юридик шахслар билан яширин савдо қилиш имконини беради.
Айрим давлатлар аллақачон бу усулни ўзлаштирган. Эрон ва Шимолий Корея Ғарб санкциялари таъсирини юмшатиш учун рақамли валюталардан фойдаланган. АҚШ ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти расмийлари ҳам буни тасдиқлаган. Бундан ташқари, The New York Times᾽нинг БМТ ҳисоботига таянган ҳолда таъкидлашича, Пхеньян ядровий дастурни молиялаштириш мақсадида криптовалютани ўғирлаш учун хакерлик дастурларини қўллаган.
Буларнинг барчаси АҚШнинг ўзида криптосавдонинг қонунийлаштирилиши туфайли мумкин бўлди. 2015 йилдан биткоин бизнеси учун лицензиялар бериш бошланди. Шундан бери дунёда рақамли валюталар сони кескин ошди. Crypto.com ҳисоботига кўра, ўтган йилнинг ўрталарида сайёра бўйлаб 220 миллион киши криптовалюталарни сотиб олиш ёки сотиш билан шуғулланган.
Биткоинларда иш ҳақи
2021-йилда крипто-молия ва блокчейн таҳлилига ихтисослашган Elliptic консалтинг фирмасининг хабар беришича, Эрон нефть сотиш бўйича санкциялар чекловларини ўрнини босиш учун биткоин майнингидан фойдаланмоқда.
2018-йилда мамлакатда капиталнинг сизиб чиқишидан қўрқиб, криптовалюта тақиқланди, бироқ тез орада қонунийлаштирилди. Президент ҳузуридаги таҳлилий марказ ҳисоблаб чиқдики, майнингдан йилига 700 миллион даромад олиб келиши ва иш ўринлари яратиш мумкин.
Эронлик криптомайнерларга давлат лицензияси ва электр энергиясига чегирма берилади. Лекин улар барча криптовалютани давлатга топшириши керак бўлади. Шу билан, расмий иш ҳақиҳам биткоинларда олинади. Лицензиясиз ишлаганлик учун жаримага тўланади. Ноқонуний фермаларни, ҳатто масжидларда ҳам очишга муваффақ бўлишди.
Бироқ, электр тармоғининг ҳаддан ташқари кўп ишлаши туфайли Эронда майнинг вақти-вақти билан тақиқланади, шунинг учун криптовалютадан келадиган даромад беқарор. Elliptic ҳисоб-китобларига кўра, 2020 йил бошида жаҳондаги биткоин майнингининг қарийб 4,5 фоизи Эрон улушига тўғри келган. Бу ўша пайтдаги курс бўйича миллиард долларга яқин бўлган.
Рақамли реал ҳам давлат даражасида ишлаб чиқилмоқда. 2019-йилда мамлакатнинг ўша пайтдаги президенти Ҳасан Руҳоний мусулмон давлатларига “доллар ҳукмронлигидан қутулиш” учун ягона электрон валюта яратишни таклиф қилган эди. Аммо иш сўздан нарига ўтмади.
Exchange Iran криптовалюта биржаси бош директори Эҳсон Ғозизода Cointelegraph махсус нашри билан бўлган суҳбатда рақамли риални синовдан ўтказиш бир йил ичида якунланиши мумкинлигини маълум қилди. Барча Эрон банклари ҳам криптовалютани халқаро савдо учун яхши восита деб ҳисобламайди. Аммо, Ғозизоданинг сўзларига кўра, марказлаштирилган рақамли риал бунда ечим бўлиши мумкин.
Ушбу пул шакли молиявий операцияларни амалга ошириш имкониятларини кенгайтирганлиги сабабли, кўплаб мамлакатларнинг марказий банклари бу соҳада ишлаб чиқишлар билан шуғулланмоқда. Атлантика Кенгашининг рақамли валюта кузатувчиси маълумотларига кўра, деярли 90 мамлакатда бу борада тадқиқотлар олиб борилмоқда. Бу глобал иқтисодиётнинг (шу жумладан АҚШ ҳам бор) 90% дан ортиғини ташкил қилади.
Тўққизта мамлакат, асосан Лотин Америкаси давлатлари, аллақачон рақамли валюталарини ишга туширган. Тўғри, ҳаммаси ҳам яхши ҳаёт туфайли эмас. Масалан, Сальвадорда уч миллионта одам биткоиндан фойдаланади, лекин аҳолининг аксариятида банк ҳисоб рақамлари йўқ. Хитойда рақамли юанни синовдан ўтказиш тугади. Яқин кунларда у ишга туширилиши мумкин.
Қозоғистон ҳукумати “тилла товуқни ўлдирмоқда”
Россия- Қозоғистон билан чегарадош. Мамлакат ўтган йили криптовалюта “қазиб олиш” бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллади. Бунга иккита сабабга кўра эришилди: хитойлик майнерларнинг мамлакат бозорига кириши ва электр энергиясининг паст нархлари туфайли. Мисол учун, Нур-Султонда соатига бир киловатт энергия бор-йўғи 0,92 рублни ташкил қилади. Таққослаш учун: Москвада энг арзон тунги тариф - 2,69 рубль.
Блокчейн ва дата-марказ саноати миллий ассоциацияси маълумотларига кўра, қонуний бозор иштирокчилари ҳар йили Қозоғистон иқтисодиётига 227 миллион доллар даромад келтирмоқда. “Кулранг” майнерларданҳам худди шу миқдорда даромад келиши керак. “Агар расмий истеъмол 800 мегаватт электр энергиясини ташкил этса, “кулранг” майнингга 1,3 гигаватт тўғри келади”, дейди ассоциация вице-президенти Сергей Путра.
Қозоғистоннинг бутун электр тизими зўрға ишлайди. Тармоқларнинг 60% дан ортиғи бутунлай эскирган, станцияларнинг ўртача ёши ўттиз йилдан ошган. Уларнинг ҳаддан ташқари катта юк билан ишлаши билвосита январдаги аварияга сабаб бўлди – нафақат Қозоғистон, балки Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳам бир неча соат электр энергиясиз қолди. Шундан сўнг, баъзи криптофермалар эгалари ўз бизнесини бошқа мамлакатга кўчиришга қарор қилди.
Бироқ, шундоқ ҳам майнерларга Қозоғистонда маълумотлар марказларини сақлаш аллақачон фойдасиз бўлган. 2022-йилда ҳукумат биткоин қазиб олиш солиғини ўн бараварга ошириб, ҳар бир киловатт учун 1,77 рублгача чиқди. “Биз дунёда иккинчи ўринда эканимиз маълум бўлди аммо амалда молиявий даромад кўрмаяпмиз”, деди мамлакат раҳбари Қосим-Жомарт Тоқаев.
Шу билан бирга, Путранинг таъкидлашича, ўзбошимчалик билан солиққа тортиш саноат турғунлигига олиб келиши мумкин: “Бундай шароитда ривожланиш таваккалличик. Биз ўз позициямизни ҳукуматга билдиришга ҳаракат қиляпмиз, лекин бизни эшитишмаяпти. Фақат битта важ келтирилмоқда, яъни бюджет учун кўпроқ пул керак.Умуман олганда, бу тилла тухум қўядиган товуқни ўлдиришга ўхшайди”. Унинг фикрича, расмийлар дата-марказлар эгалари билан мулоқотга киришиши ва бир томонлама қарорлар қабул қилмаслиги керак.
Феврал ойида Қозоғистон ҳукумати ноқонуний майнерларга қарши кураш бошлади. Бутун мамлакат бўйлаб электр энергияси истеъмоли 202 мегаваттдан ортиқ бўлган манзилларда оммавий текширувлар бошланди. 50 дан ортиқ ферма ўз ихтиёри билан фаолиятини тўхтатиб, жиҳозларини бошқа мамлакатларга олиб кетди. Бундай овда оддий фуқаролар ҳам қатнашиши мумкин. Блокчейн ва дата-маркази саноати миллий ассоциацияси бундай фермалар жойлашуви ҳақидаги маълумот учун 4000 дан 30 000 рублгача бўлган мукофот таклиф қилмоқда.
“Тартиб керак. Агар ҳамма ягона қоида бўйича ишлаётган бўлса, саноат олдиндан айтиб бўладиган ва башорат қилинадиган бўлиб қолади. Ва, албатта, аҳоли ва давлат идоралари ўртасида маълум миқдорда салбий кайфият йўқолади ", деб тушунтиради Путра.
Қозоғистон арзон электр энергияси бўйича АҚШ, Канада ва Скандинавия мамлакатларининг айрим минтақаларидан паст. Бироқ агар ҳукуматнинг майнерлар устидан назоратни кучайтириш сиёсати ўзгармаса, улар бизнес учун бошқа давлатларни кўриб чиқиши мумкин.
Марказий банк қарши
Россияда криптовалюталарнинг ҳуқуқий мақоми тўлиқ ўрнатилмаган. Ўтган йили “Россияда рақамли молиявий активлар ва рақамли валюта тўғрисида” ги 259-ФЗ Федерал қонуни кучга кирди. Шундай қилиб, криптовалюта ноқонуний ҳисобланмайди. Бироқ, ҳужжатда кўплаб нюанслар таърифланмаган. Давлат Думасининг молия бозори қўмитаси раҳбари Анатолий Аксаков 2021-йилда россияликлар бундай активларга беш триллион рублга яқин сармоя киритганини айтди. Бундан ташқари, унинг фикрича, кўплаб фойдаланувчилар молиявий малакага эга эмас.
2022 йил бошида Марказий банк раҳбари Эльвира Набиуллина криптосавдо мақсадида Россия инфратузилмасидан фойдаланишга қарши чиқди ва рақамли активларни майнингини жиноий жавобгарликка тортишни тавсия қилди. Молия вазирлиги қарши таклиф билан жавоб берди: криптовалюта билан операцияларни бутунлай қонуний қилиш ва саноат қонунчилигига ўзгартиришлар киритишда савдо схемаларини тузатиш.
Бироқ, Россияда қандай қарорга келинмасин, криптовалюта молиявий восита сифатида, принципиал жиҳатдан, хавф остида. Ҳатто, масалан,фойдаланувчи ҳамёнга кириш учун тиклаб бўлмайдиган кодни йўқотиши ёки унутишида ҳам.
“Умумий камчиликни ҳисобга олиш керак: курс жуда кескин ўзгаради, чунки бу фақат фойдаланувчиларнинг ишончига боғлиқ. Фиат пул курслари уларни тузатиши мумкин бўлган марказий банклар томонидан белгиланади. Бу валюта курсларидаги фарқлар бўйича катта молиявий йўқотишлар хавфи борлигини англатади”, - дея таъкидлайди иқтисодчи Леонид Хазанов.
Шунингдек, иқтисодчи мавжуд тўлов терминалларининг криптовалюталар билан ишламаслигини эслатиб ўтди. Бундан эса техник носозликларкелиб чиқади. Тўловжараёнлари жуда узоқ давом этиши мумкин. Санкциялар шароитида эса кунлар эмас, балки соатлар ҳам олтинга тенг. Криптовалютани нақд пулга алмаштириш ҳам осон эмас: пойтахтда айирбошлаш пунктлари жуда кам. Вилоятларда эса янада кам.