Яна бир ҳоким ўринбосари йирик пора билан қўлга тушди

Амалдор туман хокимлиги захирасидаги ерни турар жой қуриш учун ажратиб бериш учун 12 минг доллар талаб қилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 мар — Sputnik. Хоразм вилояти Ҳазорасп тумани ҳокимининг ўринбосари пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар бермоқда.
Департаментнинг Ҳазорасп туман бўлими ва Давлат хавфсизлик хизматининг Хоразм вилояти бошқармаси ходимлари ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказган. Унда Ҳазорасп туман ҳокимининг ўринбосари У.А. мансаб мавқеидан фойдаланиб, фуқарога "Қиртепа" маҳалласи ҳудудида ноқонуний қурилган турар жой биноларини бузмаслик ва бу маҳалладаги туман хокимлиги захирасидаги 18 сотих ер майдонини турар жой қуриш учун ажратиб беришни ваъда қилгани аниқланган.
Амалдор хизмати эвазига фуқаро И.дан 12 минг доллар пора талаб қилиб олган вақтида ушланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Сурхондарёда ҳоким ёрдамчиси пора билан қўлга тушди
Аввалроқ Миришкор, Гулистон туманлари ва Жиззах шаҳри ҳокимлари ўринбосарлари пора билан қўлга тушишган эди.