ТОШКЕНТ, 27 мар — Sputnik. 26 март куни “Uzbekistan Airways” Тошкент-Нукус-Мўйноқ авиақатновини амалга оширди. Бу ҳақда авиакомпания матбуот хизмати хабар бермоқда.
Airbus A320 ҳаво кемасини Мўйноқ аэропортида Қорақалпоғистон раҳбарлари, шаҳар маъмурияти вакиллари ва бошқа расмийлар кутиб олишди.
Бу “ҳаво порти” 1947 йилда қурилган бўлиб, илгари кичик самолётларни қабул қилган. Кейинчалик умуман ишламай ҳам қолган эди. Ўзбекистон ҳукумати қарорига асосан Мўйноқ аэропортини реконструкция қилиш 2019 йилда бошланган эди. Бугунга келиб аэропортда 50 нафар йўловчига мўлжалланган янги терминал қурилган, учиш-қўниш йўлаги ва майдончалар таъмирланган. Мажмуа атрофи кўкаламзорлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев Мўйноққа ташрифи давомида Тошкент - Мўйноқ - Нукус авиақатнови йўлга қўйилишини маълум қилган эди.