Умурзаков ва Решетников мавжуд савдо тўсиқларини бартараф қилишни муҳокама қилди

Вазирлар Ўзбекистон-Россия товар айланмасини ошириш бўйича кейинги чораларни белгилаб олишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 мар — Sputnik. Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида Ўзбекистон бош вазир ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаковнинг Россия иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда савдо, инвестициялар ва саноат кооперацияси соҳаларидаги икки тарафлама ҳамкорликни олға суриш масалалари, шунингдек, ўтган йилнинг декабрь ойида Москвада бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг охирги мажлиси чоғида эришилган келишувларнинг қандай амалга ошаётгани муҳокама қилинди.
Ўзбекистон-Россия товар айланмасини ошириш бўйича кейинги чоралар белгилаб олинди. Тарафлар ишлаб чиқарилган маҳсулотларни ўзаро етказиб берилишини ошириш учун истиқболли йўналишларни аниқлаш мақсадида икки мамлакатнинг ташқи савдоси таҳлилини ўтказишни келишдилар.
“Шунингдек, мавжуд савдо тўсиқларини бартараф қилиш ва ўзаро савдони фаоллаштириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар аниқлаб олинди”, - дейилган хабарда.
Ишбилармонлик кенгашининг ишини фаоллаштириш ва унинг асосида Ўзбекистон ва Россия тадбиркорларининг алоқа қилиши ва савдо операцияларини амалга ошириш учун ахборот-таҳлил платформасини тузиш тўғрисида келишувга эришилди.
Тарафлар қўшма лойиҳа ва ташаббусларни ривожлантиришга амалий кўмак беришга, ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишларини ишлаб чиқишга тайёрлигини билдиришди.
Санкциялар Россия ва Ўзбекистон учун янги имкониятлар яратади - Решетников
Ўтган йил якуни бўйича Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги товар айирбошлаш учдан бирга ортиб, рекорд даража – 7,5 миллиард долларга етган. Жорий йилнинг биринчи ойларида савдо кўрсаткичлари 50 фоиздан зиёдга ошган.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Россия иштирокида ташкил этилган 2 мингдан ортиқ қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда, Россиядан мамлакат иқтисодиётига жалб қилинган инвестициялар ҳажми 10 миллиард доллардан зиёдни ташкил этмоқда.