Сирдарёда пора олган солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари ҳибсга олинди

Вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари муқаддам пора сифатида олган пуллардан 5 минг долларини қайтариб бераётган вақтида қўлга олинган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 27 мар — Sputnik. Пора олган Сирдарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси (ДСБ) бошлиғи ўринбосари қўлга олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) матбуот хизмати хабар бермоқда.
2021 йилда прокуратура органлари вилоятдаги масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг мансабдорларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида МЧЖнинг молиявий-хўжалик фаолияти бўйича солиқ идоралари ҳужжатли тафтиш ўтказишган.
Ўша даврда вилоят ДСБда бош инспектор бўлиб ишлаган мансабдор аниқланган 900 миллион сўмга яқин молиявий хато ва камчиликлар бўйича белгиланиши лозим бўлган 300 миллион сўмлик жарима миқдорини 72 миллион сўмга камайтириб бериш эвазига 14,5 минг доллар пора олган.
Ўтказилган тезкор тадбирда Сирдарё вилояти Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари маҳаллий МЧЖ вакилидан муқаддам пора сифатида олган пуллардан 5 минг долларини қайтариб бераётган вақтида қўлга олинган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг “пора олиш” моддаси билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳибсга олинган.
Яна бир ҳоким ўринбосари йирик пора билан қўлга тушди
Бундан ташқари, Фарғона вилоятидаги туманлардан бирининг Мудофаа ишлари бўлими бошлиғи фуқарони (1998 йилда туғилган) вилоятдаги ҳарбий қисмлардан бирининг оркестрига танишлари орқали ишга киритиб қўйишини айтган. У эвазига 2 минг доллар олган вақтида ушланган.
Ҳозирда мазкур мансабдор шахсга нисбатан Жиноят кодексининг "фирибгарлик” моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.