Шавкат Мирзиёев Россия делегациясини қабул қилди

2021 йил якунларига кўра Россия ва Ўзбекистон орасида савдо-сотиқ ҳажми 7,5 миллиард доллардан ошиб кетган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 26 мар - Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 25 март куни Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетниковни қабул қилди.
Учрашувда Шунингдек Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Олег Мальгинов ҳам иштирок этди.
Максим Решетников Шавкат Мирзиёевга Россия президенти Владимир Путиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди ҳамда Тошкент форумининг муваффақиятли натижалари билан самимий табриклади.
Кўп қиррали Ўзбекистон-Россия ҳамкорлигини кенгайтириш бўйича олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Саноат кооперациясига доир аниқ лойиҳаларни илгари суриш ва ўзаро савдо кўрсаткичларининг ижобий ўсиш суръатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўтган йил якуни бўйича икки томонлама товар айирбошлаш учдан бирга ортиб, рекорд даража – 7,5 миллиард долларга етди. Жорий йилнинг биринчи ойларида савдо кўрсаткичлари 50 %дан зиёдга ошди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Россия иштирокида ташкил этилган 2 мингдан ортиқ қўшма корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда, Россиядан иқтисодиётимизга жалб қилинган инвестициялар ҳажми 10 миллиард доллардан зиёдни ташкил этмоқда.
Учрашувда икки мамлакат ҳукуматлари даражасида яқиндан ҳамкорликни давом эттириш, иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия салоҳиятидан самарали фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда 24 март куни Халқаро инвестицион форум бошланган эди. Форумга 49 мамлакатдан 1,5 мингдан ортиқ вакиллар иштирок этишмоқда. Форумнинг 2 куни якунида имзоланган шартномалар 2,5 млрд. доллардан ошиб кетган.