Давлат идоралари босқичма-босқич электромобилдан фойдаланишга ўтади

Қарор лойиҳасида 2022 йилдан бошлаб харид қилинадиган транспорт воситаларининг камида 20 фоизи электромобиллар бўлиши талаб этилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 25 мар - Sputnik. Ўзбекистонда давлат идораларининг хизмат автомобиллари босқичма-босқич электромобилларга алмаштирилади. Бу ҳақида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қарори лойиҳасида айтиб ўтилган.
Ҳужжатга мувофиқ вазирликлар, идоралар, бюджет ташкилотлари, маҳаллий ҳокимият органлари ҳамда устав капиталида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган корхоналар хизмат автомобиллари паркининг 2025 йилга қадар камида 10 фоизигача, 2030 йилга қадар 100 фоизи босқичма-босқич электромобилларга алмаштирилади.
Шунингдек, ушбу ташкилотлар томонидан 2022 йилдан бошлаб харид қилинадиган транспорт воситаларининг камида 20 фоизи электромобиллар бўлиши талаб этилади.
Электромобиллар харид қилишни рағбатлантириш мақсадида 2022 йил 1 апрелдан бошлаб:
қувватлантириш станциялари атрофида камида 2та электромобиль учун тўхташ жойи ер солиғидан озод этилади;
юридик шахсларнинг қувватлантириш станцияларни ташкил этиш билан боғлиқ харажатлари, даромад солиғини ҳисоблашда чегириб ташланадиган харажатлар ҳисобланади;
электромобилларни республика ҳудудига олиб киришда улар божхона божидан озод қилинади ва 2027 йил 1 январга қадар утилизация йиғими тўлашдан озод этилади;
республика ҳудудига олиб кириладиган электромобилларни қувватлантириш станциялари, уларнинг компонентлари ва сервис инфратузилмаси технологик асбоб-ускуналари божхона божидан озод қилинади.
Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга электромобиллар, гибрид автомобиллар ва электробусларни лойиҳалаштириш, синаш ҳамда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида дастлабки намуна сифатидаги автомобиллар, бутловчи қисм ва хом ашё материаллар, шу жумладан, технологик ускуна ва жиҳозларни (20 дона ёки машина-тўпламлар) харид қилишда потенциал хамкор корхоналар билан тўғридан-тўғри шартнома тузишга розилик берилади.