Бу қизиқ

Қайси ичимлик қон босимини туширишга ёрдам беради?

Япониялик олимлар қон босимини туширувчи ичимлик номини маълум қилишди.
Sputnik
Тадқиқотларга кўра, помидор шарбати қон босимини туширишда яхши натижа беради. Бу ҳақида Food Science and Nutrition нашри маълум қилди.
Хабарда келтирилишича, тузланмаган помидор шарбати қон босимини тушириши мумкин. Токио тиббиёт ва стоматология университети ҳамда Тусон ўсимликлар селекцияси институти олимлари бу борада 481 та кўнгиллилардан иборат бўлган гуруҳда тажриба олиб боришган.
12 ойдан сўнг мунтазам помидор шарбати истеъмол қилган инсонларда қон босими сезиларли даражада яхшилангани қайд этилган. Шунингдек, ичимликнинг систолик (юрак мушагининг қисқаришида қайд этиладиган қон босими) ва диастолик (юрак мушаги бўшашганда қайд этилган қон босими) турларида ва холестеринга ҳам ижобий натижа кўрсатгани аниқланган.
Бунинг сабаби шундаки, ичимлик таркибида кўп миқдорда калий мавжуд. Ушбу модда организмдан суюқликни чиқариб ташлайди. Агар калийга бой маҳсулотлар истеъмол қилинмаса, танадаги суюқлик қон томирлари деворларига босим ўтказади ва бундан қон босими ошади.
Олимларнинг таъкидлашича, спиртли ичимликларни ичмаслик ва камроқ туз истеъмол қилиш ҳам қон босимини туширишда яхши самара беради.