Ўзбекистонда антик даврдан ҳам қадимийроқ топилмалар аниқланди

Археологик изланишлар натижасида Хоразм вилоятида жойлашган Қатқалъа ҳудудида милоддан аввалги V асрга оид топилмалар аниқланганди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 мар — Sputnik. Ўзбекистон республикаси Қорақалпоғистон, Хоразм, Жиззах, Сухондарё, Самарқанд, Бухоро, Андижон, Наманган, Фарғона ва Тошкент вилоятларида 2021 йил давомида олиб борилган археологик тадқиқотлар натижасида илк бор архаик даврга мансуб топилмалар аниқланди. Бу ҳақида Ўзбекистон Фанлар академияси хабар бермоқда.
Хусусан, Хоразм вилояти Шовот туманидаги Катқалъа ёдгорлигида олиб борилган археологик қазишма ишлари натижасида ёдгорликнинг қуйи қатламларида илк бор архаик даврга, миль. авв. V асрга оид топилмалар аниқланганлиги ва бу ўз навбатида Катқаълани антик даврга эмас, балки янада қадимийлаштиришга асос бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
Ундан ташқари:
Наманган вилояти Чуст тумани ҳудудида жойлашган Буонамозор ёдгорлигининг юқори қатламлари ўрганилди. Натижада мил. авв. XI-VII асрларга оид кўплаб сопол комплекслари топилган.
Сурхондарё вилояти Шеробод тумани ҳудудида бронза даврига оид 16 та янги ёдгорлик аниқланган.
Андижон вилояти Хонобод шаҳар тоғ ён бағрида қабр-қўрғонлари аниқланган ҳамда дала тадқиқоти мавсумида 2 та қабр тўлиқ очилган.
Тошкент вилояти Оҳангарон тумани Чотқол-Қурама тоғ тизмаси (Ўзбекистон) ҳудудларида ўтказилган археологик қидирув-текширув ишлари натижасида Қизилдара ҳудудида 2000 га яқин қоятош расмлари аниқланиб, рўйхатга олинган. Шунингдек, ушбу туманда жойлашган Эртошсой тош даври ёдгорлигида ўрта палеолит даврига оид янги манзилгоҳлар ва устахоналар топилган.
Ҳисобот якунида академик A.Асқаров ўз фикр мулоҳазаларини билдириб, олиб борилган тадқиқотларнинг илмийлиги, ўтказилган қазишмаларнинг методик жиҳатдан тўғрилиги ва қазишмалар жараёнида йўл қўйилган камчиликлар борасида тадқиқотчиларга ва иштирокчиларга кўрсатмалар берди.