Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форумида нималар деди

Президент: Биз Ўзбекистоннинг 2030 йилга бориб аҳолиси ўртадан юқори даромад оладиган давлатлар қаторидан жой олишига эришишни мақсад қилиб қўйганмиз.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 мар — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи сессиясида нутқ сўзлади.
Шавкат Мирзиёев выступает на Ташкентском инвестиционном форуме
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистон ўзининг географик жойлашувига кўра, Шимол ва Жанубни, Ғарб ва Шарқни магистрал транзит коридорлари орқали боғлаб турадиган Марказий Осиё минтақасининг ўзаги ҳисобланади.

Сўнгги йилларда эришилган ютуқлар ва ислоҳотлар

Илгари инвесторларни Ўзбекистон бозорига кириши ва эркин фаолият юритишига тўсқинлик қилган барча омилларни бартараф этилиб, тадбиркорлик учун қулай шароитлар яратила бошланган.
Жумладан, 2017 йилда миллий валюта – сўмнинг эркин конвертациясини жорий қилиб, хорижий инвесторлар томонидан фойдани репатриация қилиш билан боғлиқ барча чекловлар олиб ташланган.
Мамлакат банк ва йирик корхоналари илк марта халқаро рейтинглар олиб, жаҳон молия бозорларига чиққан. Дунё бозорларига миллий валютада ҳам халқаро облигациялар чиқарилди.
Мирзиёев мамлакатда очиқлик сиёсатини таъминлаш учун 90 та хорижий давлат фуқаролари учун Ўзбекистонга визасиз кириш имкониятини яратилганини эслатди. Яна 60 га яқин мамлакат фуқароларига эса енгиллаштирилган тартибда виза олиш имконияти берилди.
Давлат раҳбари кўп йиллар давомида мамлакатни турли “қора рўйхат”ларга киритилиши учун сабаб бўлган мажбурий, жумладан, болалар меҳнатига тўлиқ барҳам берилганини қайд этди.
Сўнгги йилларда солиқларнинг умумий сонини 13 тадан 9 тагача камайтирилган.
Мол-мулк, шахсий даромад ва ижтимоий солиқ ставкалари икки баробарга пасайтирилди. Шу билан бирга, 6 мингга яқин импорт бож ставкалари ҳам пасайтирилди.
Шунингдек, ўтган 5 йил ичида 200 га яқин лицензия ва рухсатномалар бекор қилинди ёки соддалаштирилди.
Тадбиркорлик субъектлари зиммасидаги солиқ юкини янада камайтириш ҳамда солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш чоралари тизимли равишда давом эттирилмоқда.
Ўзбекистонда хорижий инвесторлар билан ишлашнинг “ягона дарча” тамойили асосида мутлақо янги тизими жорий этилиб, сармоядорларга ҳар томонлама кўмак берадиган, барча ҳудудлар ва тармоқларни қамраб олган Инвестициялар вазирлиги фаолияти йўлга қўйилди.
“Натижада иқтисодиётимизга жалб қилинган йиллик хорижий инвестициялар ҳажми уч ярим баробарга ошиб, охирги 5 йилда уларнинг умумий қиймати 25 миллиард долларни ташкил этди”, - деди президент.
Мирзиёев мамлакатга амалга оширилаётган ислоҳотлар ортга қайтмайдиган муқаррар тус олгани реал ҳақиқат эканини урғулади.
Ислоҳотларнинг дастлабки йилларидаёқ, иқтисодиётнинг йиллик ўртача ўсиши 5 фоизни, саноат соҳасида эса – 8 фоизни ташкил этган. Мамлакат олтин-валюта захиралари 27 миллиард доллардан 35 миллиард долларга етган.

Режалар ва кўзланаётган марралар

Президент инвестицияларни жалб қилиш жараёнини такомиллаштириш бўйича муҳим чора-тадбирларни белгилаб берди.
Шавкат Мирзиёев выступает на Ташкентском инвестиционном форуме
Мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш, бизнес муҳитини янада яхшилаш йўналишида амалий таклифларни ишлаб чиқиш мақсадида 2022 йилдан эътиборан президент ҳузуридаги Хорижий инвесторлар Кенгаши йиғилишларини мунтазам ўтказиб бориш йўлга қўйилади.
Шунингдек, “крауд-сорсинг” платформаси ва замонавий рақамли ечимлардан фойдаланган ҳолда, барча тармоқлар ва ҳудудлардаги инвесторлар ва тадбиркорлар билан тўғридан-тўғри мулоқот ўтказиш амалиётини давом эттирилади.
Кейинги 5 йил ичида ялпи ички маҳсулотни 100 миллиард долларга, йиллик экспорт ҳажмларини эса 30 миллиард долларга етказиш кўзда тутилган.
Хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 80 фоизга етказилади.
“Биз Ўзбекистоннинг 2030 йилга бориб аҳолиси ўртадан юқори даромад оладиган давлатлар қаторидан жой олишига эришишни мақсад қилиб қўйганмиз", - деди Шавкат Мирзиёев.

Янги Ўзбекистон - янги ҳамкорлик

Ўзбекистонда инвесторларга 200 дан ортиқ жозибадор лойиҳа таклифлари ҳавола этилади.
Давлат раҳбари бугунги кунда янгиланиш ва ислоҳотлар йўлидан дадил бораётган Янги Ўзбекистон билан амалий ҳамкорлик ўрнатишга таклиф қилди.

“Сизларнинг мамлакатимиздаги муваффақиятингизни таъминлаш Ўзбекистон президенти ва Ҳукумати томонидан кафолатланади", - деди президент.

Мирзиёев форумда Ўзбекистон президенти командаси аъзолари – вазирлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ҳам қатнашаётгани, улар Янги Ўзбекистон вакиллари экани ва ушбу форумга тайёргарлик доирасида ундан аниқ топшириқлар олишганини таъкидлади.
“Бу раҳбарлар форумга ташриф буюрган Сиз, ҳурматли меҳмонларимиз билан амалий ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш, янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш, энг муҳими – инвестор ва тадбиркорларга ҳар томонлама қулай шароитлар яратиш учун мунтазам ишлашга тайёр”, - деди Ўзбекистон раҳбари.
Бу форум 24-26 март кунлари бўлиб ўтади. Унда халқаро ташкилотлар ва молиявий тузилмалар, 56 та давлатдан 1 минг 500 нафардан зиёд йирик инвесторлар ва юқори мартабали меҳмонлар қатнашиши кутилмоқда.