ТОШКЕНТ, 23 мар — Sputnik. Россия ядро қуролини мамлакат мавжудлигига ҳақиқий таҳдид юзага келган тақдирдагина қўллаши мумкин. Бу ҳақда Россия президенти Дмитрий Песков CNN телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
“Бизнинг миллий хавфсизлик концепциямиз бор. У ерда ядро қуролидан фойдаланиш мумкин бўлган барча сабабларни ўқишингиз мумкин. Яъни, агар мамлакатимиз мавжудлигига таҳдид пайдо бўлса, у концепциямизга мувофиқ қўлланиши мумкин”, - деди Песков.
27 февраль куни Россия президенти Владимир Путин ядро қуролларини ўз ичига олган тийиб турувчи кучларни шай ҳолатга келтиришни буюрган эди. Мамлакат мудофаа вазири Сергей Шойгу эртаси куни президентга буйруққа биноан улар шай ҳолатга келтирилгани ва жанговар навбатчиликни ўташни бошлаганини маълум қилди.
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотномасида стратегик тийиб турувчи кучларнинг вазифаси Россия ва иттифоқчиларига ҳужум қилинганда ҳар қандай қурол билан, жумладан, ядро қуроллари билан зарба беришни ҳам назарда тутиши кўрсатилган.