ТОШКЕНТ, 22 мар — Sputnik. Ногиронлар ва ногиронлиги бўлган шахслар тадбиркорларини қўллаб-қувватлаш маркази очилди. Марказ Ижтимоий туризм ассоциацияси ҳамда Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган.
Марказининг асосий вазифалари:
инклюзив туризмни ривожлантириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш;
ногиронларнинг ҳаракатланиши учун шароит яратишга кўмаклашиш;
ижтимоий туризм соҳасида давлат дастурлари, ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа қарорлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш;
туристик объектларда имконияти чекланган шахслар учун яратилган шарт-шароитларни ўрганиш;
Самарқанд, Бухоро, Хива, Қорақалпоғистонда қулай туристик йўналишларни ривожлантириш;
вазирликлар ва бошқа давлат ташкилотлари билан ҳамкорликда хайрия тадбирларини ташкил этиш.
Туризм ва маданий мерос вазирлиги Ижтимоий туризм ассоциацияси билан ҳамкорликда "Саёҳат барча учун" лойиҳаси доирасида 50 нафар имконияти чекланган фуқаро учун Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига икки кунлик туристик саёҳатлар ташкил этган. 2022 йил давомида мазкур лойиҳа доирасида 200 кишининг Самарқанд шаҳрига саёҳатларини ташкил этиш режалаштирилган.
Туристлар учун сарфланадиган харажатларнинг 50 фоизи грант маблағлари, 50 фоизи эса хайрия маблағлари ҳисобидан қопланиши тахмин қилинмоқда.
Марказ "Тошкент-24" уйидаги "Наврўз" этнопаркида жойлашган.