Исроиллик олимлар ўзаро ёзишмаларда смайлик ва турли расмлардан фойдаланиш инсон ҳақидаги тасаввурни қандай ўзгартиришини аниқлашди. "Популярная Механика" жуналига асосан.
Изланишлар натижасига кўра, ёзишмаларда тез-тез смайлик ёки расмдан фойдаланиш – бошқалар олдида сўзларинг таъсир кучини камайтиради ҳамда киши нуфузини туширади.
Турли расм ва белгилардан фойдаланиш - одамлар томонидан очиқликка интилиш, норасмий муносабатлар ва дўстлашишга тайёр туришни англатади. Ҳар доим дўст ва ҳамкор излаш эса, одатда, жамиятда обрўйи кам бўлган кишиларга хосдир...
Олимлар хулосасига кўра, эмодзи ва “гиф” суратлар одамларни яқинлаштиришга, сўзлар эса масофа сақлашга хизмат қилади. Яъни жамиятга таъсири кам бўлган кишилар унга таъсири кучлироқ бўлганлар билан яқинлашишни истайди. Нуфузли кишилар эса аксинча, бошқалардан масофада туришни хоҳлайди. Ушбу тушунчага асосан, мулоқотда тез-тез суръатлардан фойдаланаётган кишининг суҳбатдош олдида нуфузи тушади.
Исроиллик олимлар тажрибасида иштирок этган кишилар ўз суҳбатдошларини қуйидаги кўрсатгичлар бўйича баҳолашган:
Устунлик қилишга интилиш истаги борми?
Куч ва назорат қилиш имконига эгами?
Хушмуомала ва ишончга лойиқми?
Ёқимтой, ақлли ва зуккоми?
Танқид қилиши мумкинми?
Изланиш натижасига кўра, ёзишмани фақат сўзлар ёрдамида олиб борган киши, смайлик ва суратлардан фойдаланганга нисбатан, кучли ва обрўйли инсондек туюлади. Лекин киши ўз суҳбатдошининг унга яқинлашиш ёки узоқлашиш истаги борлигини олдиндан билса, сўз ёки смайликларнинг аҳамияти йўқ.