ТОШКЕНТ, 21 мар — Sputnik. “China Eastern” авиакомпаниясининг Boeing 737 йўловчи самолёти ҳалокатга учради, деб хабар бермоқда РИА Новости.
Самолёт Гуанси-Чжуа автоном туманининг Учжоу округидаги тоғли жойда қулаб тушган. Унинг бортида 133 киши бўлган.
Flightradar маълумотларига кўра, ҳалокатга учраган “China Eastern” самолёти маҳаллий вақт билан соат 13:15 да Куньминдан учган ва Гуанчжоу томон йўл олган. Соат 14:20 атрофида Учжоу ҳудудида тезликни кескин камайтира бошлаган ва қулай бошлаган. Шундан сўнг радар экранларидан йўқолиб қолган.
Ҳодиса оқибатида ҳалок бўлганлар ва жабрланганлар ҳақида маълумот ҳозирча келиб тушмаган. Қидирув ва қутқарув ишлари бошлаб юборилган.
Ижтимоий тармоқларда самолётнинг эҳтимолий қулаган жойи акс этган видеолар тарқалмоқда. Ҳодиса жойида ўрмон ёнғини бошлангани айтилмоқда.