Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳукуматни тўлиқ истеъфога чиқарди

Туркманистоннинг янги сайланган президенти Вазирлар маҳкамаси аъзоларини тўлиқ таркибда истеъфога чиқарди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 мар — Sputnik. Туркманистоннинг янги сайланган президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳукумат истеъфоси тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда “Türkmenistan: Altyn asyr” нашри хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Вазирлар маҳкамаси аъзолари Туркманистон конституцияга мувофиқ тўлиқ таркибда истеъфога чиқарилган. Шу билан бирга, вазирлар янги ҳукумат тузилгунга қадар ўз вазифаларини бажаришади.
Шавкат Мирзиёев Сердар Бердимуҳамедовни сайловдаги ғалабаси билан табриклади
Эслатиб ўтамиз, 12 март куни Туркманистонда бўлиб ўтган президент сайловида Сердар Бердимуҳамедов сайловчиларнинг 72,97 фоиз овози билан ғалаба қозонди ва 19 март куни вазифаларини бажаришга киришди. Навбатдан ташқари сайлов 2007 йилдан буён ишлаб келган президентлик қилаётган Гурбангули Бердимуҳамедов февраль ойида ҳукуматни ёш авлодга топширишга қарор қилгани ва ваколатларини топширишини маълум қилгандан кейин бўлиб ўтди. Шу билан бирга Гурбангули Бердимуҳамедов парламентнинг юқори палатаси раиси бўлиб қолди.