Тошкентдаги қўшма корхонада юзага келган йирик ёнғин сабаблари айтилди

ФВВ маълумотларига кўра, омборхонада ёнғин хавфсизлиги талабларига зид равишда меъёридан ортиқ ёнувчи мотор мойи сақлангани унинг катта майдонга тарқалишига сабаб бўлган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 мар — Sputnik. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (ФВВ) "Orient Логистик Center" МЧЖ қўшма корхонасида юзага келган ёнғин сабабларини маълум қилди.
Корхонага қарашли омборхонада юз берган ёнғин мураккаблиги, давомийлиги ва майдони нуқтаи назаридан ўта жиддий ёнғин сифатида баҳоланмоқда. Ёнғин 18 март куни тахминан соат 20 ларда бошланган бўлса, орадан қарийб етти соат ўтиб ўчирилган.
Бирламчи таҳлилларга кўра, ёнғин омборхонада сақланмаслиги лозим бўлган юк кўтарувчи механизациялаштирилган транспортнинг электр тизимида авариявий ҳолат юзага келганидан деб тахмин қилинмоқда.
Омборхонада аралаш ҳолда кўп канцелярия маҳсулотлари, гул қоғозлар, полиэтилен ўрам маҳсулотлари, қуруқ эфир моддаси, шунингдек, у ерда ёнғин хавфсизлиги талабларига зид равишда меъёридан ортиқ ёнувчи мотор мойи сақлангани унинг катта майдонга тарқалишига сабаб бўлган.
“Ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари асосан ташкилот мутассадилари томонидан объектда ҳар кунлик ёнғин хавфсизлиги режимини назорат қилинмагани билан боғлиқ бўлган”, - дейилган хабарда.
Латвия—Ўзбекистон қўшма корхонасида юз берган ёнғинни ўчиришга йигирмадан зиёд ёнғин-қутқарув автотехникаси, бир дона ёнғин-қутқарув поезди ва 6 дона сув ташиш автотехникалари жалб этилган.