Татаристон раҳбари Рустам Минниханов Ўзбекистонга келади

Татаристон раҳбари Рустам Минниханов 22-23 март кунлари Ўзбекистонга амалий ташрифи билан келади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 19 мар — Sputnik. Татаристон раҳбари Рустам Минниханов 22-23 март кунлари амалий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақда Sputnik мухбирига Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот котиби маълум қилди.
Ташриф доирасида республиканинг қатор вазирлик ва идораларида икки томонлама музокаралар ўтказилиши кутилмоқда.
Шунингдек, Чирчиқ кимё-саноат технопарки қурилишига тамал тошини қўйиш маросимида иштирок этиш режалаштирилган.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг қарорига асосан вилоят ҳокимлиги, “Ўзкимёсаноат” АЖ ва Татаристон администрацияси ўртасида “Химград” АЖ (Татаристон) билан ҳамкорликда имзоланган келишувларга биноан тез орада Тошкент вилоятида “Чирчиқ” технопарки пайдо бўлади.
Технопарк “Олмалиқ КМК” акциядорлик жамиятининг нодир металлар ва қаттиқ қотишмалар ишлаб чиқариш илмий-ишлаб чиқариш бирлашмаси ва “Максам-Чирчиқ” АЖга қарашли 51-сонли металл натрий ишлаб чиқариш цехи ҳудудида жиҳозланади. У умумий майдони 31,24 гектар бўлган ҳудудда жойлашган бўлади.