Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси қабул қилинди: нималар ўзгармоқда

Сенаторлар 1995 йилда қабул қилинган амалдаги Меҳнат кодекси таҳрири замонавий воқеликка мос келмаслигини қайд этишди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 17 мар — Sputnik. Сенатнинг 24-ялпи мажлисида Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси маъқулланди.
Таъкидланишича, 1995 йилда қабул қилинган амалдаги Меҳнат кодекси таҳрири замонавий воқеликка мос келмаслиги ва хусусий тадбиркорлик ривожланиши жараёнида иш берувчининг масъулиятини, фуқароларни меҳнат фаолиятига жалб қилишнинг янги, турли хил шаклларининг фаол ривожланишини ҳисобга олмайди.
Шунингдек, иш берувчиларга, хусусан, қўшимча ишчиларни меҳнатга жалб қилишнинг содда шаклларини танлашга имкон берадиган етарли шарт-шароитлар яратмайди.
Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини ишлаб чиқишда хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар жумладан, Германия, Швеция, Норвегия, Буюк Британия, Латвия, Эстония Япония, Жанубий Корея ҳамда МДҲ давлатлари тажрибаси чуқур ўрганилган.
Кодекс меҳнат ҳуқуқининг айрим институтларига бағишланган ва бандлик, индивидуал меҳнат муносабатлари, ходимларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, айрим тоифадаги ходимлар меҳнатини тартибга солиш хусусиятлари, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, меҳнат низоларини кўриб чиқиш каби янги нормаларни ўз ичига олган.
Янги таҳрирдаги Меҳнат кодекси қабул қилиниши бозор иқтисодиёти талабларини ҳисобга олган ҳолда ходимлар ва иш берувчилар манфаатлари мувозанатини таъминлайди. Шунингдек, Меҳнат кодекси қоидаларини халқаро ҳуқуқ нормалари, шу жумладан, Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган халқаро шартномаларга мослаштиришга хизмат қилади.