ТОШКЕНТ, 17 мар - Sputnik. Uzbekistan GTL Тошкент техника университети, Тошкент Кимё-технология институти ва Қарши Муҳандислик-иқтисодиёт институтлари билан тегишли мутахассисликлар бўйича ўқув-амалий машғулотлар ўтказиш бўйича шартнома имзолади.
Келишилган ўқув режалари доирасида ихтисослаштирилган факультет талабалари Uzbekistan GTL ишлаб чиқариш жараёни билан бевосита танишишлари мумкин, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон 24 телеканали.
Ундан ташқари, яқинда Uzbekistan GTLда бакалавриат амалиётига талабаларни саралаш бўйича танлов ўтказилди. Унда Ўзбекистондаги саккизта нефть ва газ олий ўқув юртларидан 800 нафарга яқин талаба иштирок этди. Ғолиб бўлган 102 нафар талаба, жумладан, Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг 40 нафар талабаси завод муҳандислари ҳомийлигида заводда диплом олди амалиётини ўташ имкониятини қўлга киритди.
Заводда ёш мутахассисларнинг муваффақиятли амалиёт ўтказиши учун барча шароит яратилган. Бундан ташқари, уларнинг энг юқори малакалилари келгусида заводда ишга жойлашиш имкониятига эга бўлади.
Маълумот учун, Uzbekistan GTL "Ўзнефтегаз" АЖ томонидан ҳамда Sasol компанияси технологияси асосида табиий газдан экологик тоза синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқарувчи завод. Завод дунёда энг замонавий технологиялар ёрдамида йилига йилига 3,6 миллиард куб метр табиий газни қайта ишлашга қодир.
Умумий қиймати 3,42 миллиард доллар бўлган Uzbekistan GTLни молиялаштиришда Россиянинг "Газпромбанк", "Росехимбанк", Россия экспорт кредитлари ва инвестицияларни суғурталаш агентлиги (ЭКСАР) каби тузилмалар иштирок этган.
2021 йилнинг декабь ойида ишга тушган корхона йилига 307 минг тонна самолёт ёқилғиси, 724 минг тонна дизель ёқилғиси, 437 минг тонна нафта, 53 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқариш режалаштирилган. Ундан ташқари йилига 380 минг тонна полиетилен ва полипропилен ишлаб чиқарилади.