ТОШКЕНТ, 17 мар — Sputnik. Депутат Расул Кушербоев Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловга хорижда паспорт ва сертификат олиш тўловлари қимматлиги бўйича "депутатлик сўрови" киритди.
Сўровда тўловларнинг юқорилигини асослаш ва келгусида пасайтириш чораларини кўриш сўралган. Бу борада Марказий Осиёда Ўзбекистон фуқаролари учун энг юқори нархлар белгилагани ва бу мигрантларга қийинчилик туғдираётгани ёзилган.
Хусусан хорижда консулликлар орқали паспорт олиш қанчага тушади?
Қирғизистон фуқароларига 10 АҚШ доллари;
Қозоғистон фуқароларига 30 АҚШ доллари;
Туркманистон фуқароларига 33 АҚШ доллари;
Тожикистон фуқароларига 100 АҚШ доллари;
Ўзбекистон фуқароларига 170 АҚШ доллари.
Депутатнинг ёзишича, “Ҳар доимгидек нарх қимматлиги борасида Ўзбекистон етакчи. Бироқ бу нархлар нима асосга кўра, қайси критерийлар бўйича белгиланган?”.
“Ташқи ишлар вазирлиги асослаб бериши керак. Бу ҳаммаси эмас. Агар Ўзбекистон фуқароси ҳорижда паспорт олиш муддатини ўтказиб юборган бўлса ҳар йил учун 50 АҚШ долларидан тўлов қилиши, паспорт йўқотилса қўшимча 70 АҚШ доллари, паспорт яроқсиз ҳолга келиб қолса қўшимча 50 АҚШ доллари тўлаши керак экан”, дейди Расул Кушербаев.
Паспортини йўқотган ва сертификат билан қайтмоқчи бўлганларга:
Қозоғистон 7,5 АҚШ доллари;
Тожикистон 10 АҚШ доллари;
Қирғизистон 10 АҚШ доллари;
Туркманистон 34 АҚШ доллари;
Ўзбекистон 55 АҚШ доллари этиб белгилаган.
“Ҳар доимгидек Марказий Осиёда энг қиммат нарх ўзбекистонликларнинг гарданида. Бир парча қоғоз учун 55 доллар талаб қилишни қандай изоҳлаш мумкин? Ташқи ишлар вазирлиги бу саволларга асослантирилган тушунтириш бериши шарт. Шу боис, "Парламент назорати тўғрисида"ги қонун доирасида бу бўйича депутатлик сўрови киритамиз: марҳамат вазирлик асосласин ёки нархларни туширсин. "Парламент назорати тўғрисида"ги Қонунга кўра, депутатлик сўровига вазир томонидан 10 кун ичида жавоб берилиши шарт”,дейди депутат.
Россиядаги Ўзбекистон консулхонасида айрим хизматлар нархлари:
Хорижга чиқиш паспорти бериш – $ 170 ;
Паспорт олишга кеч мурожаат қилиш (ҳар йилига) - $ 50 ;
Паспорт йўқотганлик учун – $ 70;
Паспортни яроқсиз ҳолга келтириш учун – $ 50;
Консуллик рўйхатига олиш учун – $30;
Москвада паспорт олиш учун ҳам бир неча ҳужжат жамлаб консулхонага топширишингиз керак. Ҳужжатлар бўлмаган тақдирда, фақат сертификат олиб Ўзбекистонга қайтиш мумкин.
Паралел дунё
Москвадаги Япония элчихонасида янги паспорт олиш ёки алмаштириш учун бир дона анкета тўлдириш, 1та расм ҳамда 30 дақиқа вақт керак. Тўлов 3900 - 6750 рубль.
Қўшни Тожикистон фуқаролари ҳам Москвада 2 ҳафта ичида янги паспорт олиши мумкин. Тўлов $100.