ТОШКЕНТ, 17 мар — Sputnik. Эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномаларини алмаштириш хизмати 19 мартдан 2 апрелгача вақтинча кўрсатилмайди. Бунга техник-профилактик тадбирлар ўтказилиши сабаб, деб хабар бермоқда Давлат хизматлари агентлиги (ДХА).
Маълум қилинишича, республика бўйича эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган ҳайдовчилар сони қарийб 5,7 миллион нафарни ташкил этади. Шулардан 3,1 миллиони гувоҳномаларини ҳалигача алмаштирмаган.
Энди ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштиришнинг охирги муддатини мутаносиб тарзда 2023 йилнинг 31 декабрига қадар узайтириш режалаштирилмоқда.
Ҳайдовчилик гувоҳномалари алмаштирилмаган фуқаролар сонидан келиб чиқиб, ташриф буюрувчиларнинг тахминий сони ва асосли талабини инобатга олиб, гувоҳномани алмаштириш пунктларини камида икки баробарга кўпайтирилади. Бугунги кунда жами 74 та пунктда хизмат кўрсатилмоқди (49 таси – ЙҲХББ бўлинмаларида, 25 таси ДХАда).
ДХАнинг ИИВ маълумотларига таяниб ёзишича, 2022 йилнинг 1 апрелидан бошлаб ҳақиқий эмас деб топиладиган ҳайдовчилик гувоҳномалари жаримага тортилмайди. 2010 йилгача берилган “праваларни” шу йилнинг 31 декабригача алмаштириш зарур эди.