ТОШКЕНТ, 15 мар — Sputnik. Украина президенти Владимир Зеленский Киев НАТОнинг аъзоси бўлолмаслигини тан олиш зарурлигини маълум қилди.
“Украина НАТО аъзоси эмаслиги тушунарли. Биз буни тушунамиз, ақлимиз жойидаги одамлармиз. Йиллар давомида биз гўёки очиқ эшиклар ҳақида эшитдик, бироқ у ерга киролмаслигимизни ҳам эшитдик. Бу ҳақиқат ва буни тан олиш зарур”, - деди Зеленский “Joint Expeditionary Force” мамлакатлари етакчилари учрашувида.
Украина раҳбари Киевга Ғарб билан ҳамкорликнинг янги шакллари ва алоҳида хавфсизлик кафолатлари кераклигини таъкидлади.
“Joint Expeditionary Force” (Бирлашган экспедиция кучлари) 2014 йилда Бирлашган қироллик қўмондонлиги остида ташкил этилган ва доимий қўшинлар саналмайди. Унда иштирок этувчи мамлакатлар (Буюк Британиядан ташқари, бу Дания, Исландия, Латвия, Литва, Нидерландия, Норвегия, Финляндия, Швеция ва Эстония мамлакатлари) гоҳида қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказиб туришади.