"Супер-контракт" тизимда коррупциянинг янги тури аниқланди

Коррупцияни олдини олиш учун ўйлаб топилган "Супер-контракт" тизимининг ичида ҳам коррупция топилгани депутатни ҳайратга солди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 мар — Sputnik. "Супер-контракт" тизими бўйича ўқишга кирган 117 нафар талабанинг контракт пули нотўғри ҳисобланиши оқибатида бюджетга 9,6 млрд сўм кам пул тўланган. Бу ҳақида Олий Мажлис депутати Дониёр Ғаниев хабар бермоқда.
“Ҳисоб палатаси томонидан олий таълим муассаларига кўшимча табақалаштирилган тўлов-контракт асосида (халқ тилида "супер-контракт") ўқишга қабул қилинган талабаларнинг хужжатлари ўрганилганда, 10 та олий таълим муассасасида 117 нафар талабани (бу фақат аниқлангани, аниқланмагани қанча худо билади) Давлат тест маркази маълумотномасидаги балларини сохталаштириш орқали уларни "супер-контракт" суммаларининг миқдори жами 9,6 млрд. сўмга кам ҳисобланган”, дейди депутат.
Унинг сўзларига кўра, Тошкент тиббиёт академиясида 2020-2021 ўқув йилида фуқаро Ф.Б. кириш имтиҳонида аслида атига 56,6 балл олган бўлсада, унинг тўплаган бали 132,7 балл этиб кўрсатилган. Ундан 279,4 млн. ўрнига 139,7 млн. сўм тўлов-контрак пули (139,7 млн.сўм кам) олинган.
Депутатнинг фикрича “оддий қилиб айтганда, олий таълим муассасаларига киришда айнан коррупцияни олдини олиш мақсадида жорий қилинган "супер-контракт" тизимининг ўзида ҳам коррупция ҳолатлари аниқланган. Яьни, коррупцияга қарши курашиш орқали ҳам "соққа" қилиш йўлини ўйлаб топишган. Қойил қолмай иложи йўқ”.
Ҳисоботда келтирилишича, келгусида бундай ҳолатлар такрорланишини олдини олиш мақсадида, 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб супер–контракт асосида ўқимоқчи бўлганлар учун онлайн платформа яратилган. Бунда аризалар автоматик тарзда қабул қилинади ва артномалар суммаси инсон омилининг аралашувисиз ҳисобланади.
Ундан ташқари депутат, ўтган йил бюджет маблағлари ҳисобидан 338 млрд. сўмлик ноқонуний харажат ва ўзлаштиришлар, давлат харидлари жараёнида эса 971,1 млрд. сўмлик манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилган 763 та ҳолат аниқланганини маълум қилди.